Инсон манфаати — ижтимоий сиёсатнинг бош мезони
Мустақиллик — бу миллий ўзликни англаш, давлат суверенитетини таъминлаш ва ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши кафолати.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини юксак ғурур ва ифтихор билан қарши оляпмиз. Ўтган ўттиз беш йил давомида мамлакатимиз мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги йиллардаги кенг кўламли ислоҳотлар мустақиллик ғояларини янги мазмун билан бойитди. “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалий мезонга айланди.
Давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида ижтимоий ҳимоя тизими мутлақо янги босқичга кўтарилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани мустаҳкамлангани мамлакат тараққиётидаги тарихий бурилиш бўлди. Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар қарийб уч баробар кўпайгани ҳам ислоҳотларнинг аниқ сиёсий-ҳуқуқий йўналишини кўрсатади. Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва бош қа ижтимоий ёрдамлар миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланди.
Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгиланди. Давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва иш билан таъминланишига кўмаклашиш мажбурияти конституциявий кафолат даражасига кўтарилди.
Сўнгги йилларда ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан икки баравар ошгани, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови беш баробар кўпайгани, ногиронлиги бўлган болалар парвариши билан банд шахслар учун янги нафақа турлари жорий этилгани ана шу сиёсатнинг амалий натижаларидир.
Айниқса, Президентимизнинг тегишли фармони билан қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури камбағалликни қисқартириш ишларини янги босқичга олиб чиқди. Дастур доирасида оилаларни барқарор даромад манбаи билан таъминлаш, бандликни ошириш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий хизматларни манзилли ташкил этишга қаратилган чоралар натижасида 2025 йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик даражаси эса 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди.
Бу рақамлар иқтисодий ўсиш натижаларини аҳоли фаровонлигига айлантиришга қаратилган сиёсатнинг амалий самарасини яққол кўрсатади. Камбағаллик масаласи очиқ тан олиниши ва уни қисқартириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши янги Ўзбекистонга хос сиёсий жасорат намунасидир.
Сўнгги йилларда ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 2,2 миллиондан ошди. Бу мустақилликнинг илк даврларига нисбатан деярли 5 баробар кўп демак. Биргина ижтимоий ҳимоя соҳасига ажратилаётган йиллик маблағлар ҳажми 20 триллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.
Тараққиётнинг энг катта ютуқларидан бири — инсон капиталига киритилаётган инвестициялар. Мактабгача таълим қамрови 2017 йилдаги 27 фоиздан бугунги кунда 74,6 фоизга етказилди. Мамлакатда боғчалар сони 30 мингдан ошди.
Олий таълим тизимида ҳам рекорд кўрсаткичлар қайд этилмоқда. Олийгоҳлар сони 210 тадан ошди (уларнинг аксарияти хусусий ва хорижий ОТМлар). Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилди. Хотин-қизлар учун ажратилган грантлар ва мақсадли квоталар тизими туфайли талаба-қизлар улуши илк бор 50 фоизлик довондан ўтди.
Мустақиллик йилларида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 74,3 ёшга (аёллар ўртасида 76 ёшга) узайди. Бу соғлиқни сақлаш тизимидаги сифат ўзгаришларининг бош индикатори ҳисобланади. Тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳажми сўнгги 7 йилда 6 баробарга ошиб, 30 триллион сўмдан зиёдга етди. Ҳудудларда 2 мингдан ортиқ оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникалар ташкил этилди. Энг муҳими, илгари фақат пойтахтда қилинган мураккаб кардиожарроҳлик ва трансплантация амалиётлари бугунги кунда вилоят марказларида ҳам муваффақиятли йўлга қўйилган.
Аҳолини шинам ва замонавий уй-жойлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда юртимизда кузатилаётган қурилишлар кўлами ва бунёдкорлик ишлари фикримизнинг яққол исботидир. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш, ипотека бозорини кенгайтириш ва эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида соҳада мутлақо янги тизим яратилди. Даромади юқори бўлмаган оилаларга бошланғич субсидия ажратилмоқда.
«Янги Ўзбекистон» массивлари доирасида ҳар йили ўртача 80 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни қарор топтириш давлат сиёсатининг ортга қайтмас йўлига айланди.
Носиржон ҒАФФОРОВ,
Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университети доценти,
Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
ЎзА