“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази очилди
Тошкент вилояти Янгийўл туманида замонавий шароитларга эга “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фойдаланишга топширилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи С.Эргашев, туман ҳокими О.Атауллаев ва ҳудуд фаоллари иштирок этди.
Маълумки, Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан жойларда аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Шунга асосан эндиликда оғир аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.


Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 29 сентябрдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар вa ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тажриба тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари Тошкент вилоятида дастлаб Янгийўл ва Тошкент туманларида ишга туширилиши режалаштирилганди.

– Эндиликда 64 та маҳаллада 28 нафар ижтимоий ходим фаолияти йўлга қўйилмоқда, – дейди Янгийўл тумани ҳокими Одилжон Атауллаев. – Энди ҳудудимиздаги 24 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун 3 нафар ижтимоий ассистент бириктирилган.

Тадбир давомида иштирокчилар марказда яратилган шароитлар билан танишди ва ходимлар билан суҳбатлашди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири