Инновацион ёндашувларни илгари суришда муҳим имконият
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети қошидаги Оролбўйи халқаро инновация маркази (Green University) Самарқандда бўлиб ўтаётган ва дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан етакчи экспертлар, олимлар, инвесторлар ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмасида иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида марказ Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган инновацион ишланмалар, илмий ютуқлар ва экологик ташаббусларни тақдим этмоқда. Экспозиция Орол денгизининг қуриши, ерларнинг деградацияси, сув ресурслари тақчиллиги ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича замонавий ёндашувларни намойиш этади.
Оролбўйи экотизимларини тиклаш, ҳудудларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиатдан фойдаланишнинг инновацион технологияларини жорий этишга қаратилган лойиҳалар кўргазмага ташриф буюрувчиларнинг алоҳида эътиборини тортмоқда.

Халқаро экологик кўргазма доирасида “BLUE SATREPS лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Орол денгизи минтақасида барқарор қишлоқ хўжалиги ва ердан фойдаланишни ривожлантириш мақсадида иқлим ўзгариши ва ерларнинг шўрланиши оқибатларини бартараф этиш учун комплекс экологик ёндашувлар ва технологиялар” панель сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Япония олимлари ва экспертлари иштирок этиб, тадқиқотлар натижалари ва барқарор ривожланиш учун инновацион ечимларни тақдим этдилар.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) ректори Бахтиёр Пўлатов, Оролбўйи халқаро инновация маркази директори доктор Бахитжан Хабибуллаев, Киото университети профессори доктор Кендзи Танака марказ фаолияти ва минтақада илмий ишланмаларни жорий этиш истиқболига, Орол денгизи минтақасидаги иқлим ўзгариши ва сув ресурслари бўйича кутилмаларини тақдим этди. Иштирокчилар лойиҳа иқлимга чидамли экотизимларни ривожлантириш учун муҳим халқаро платформа эканлигини таъкидладилар.
Оролбўйи халқаро инновация марказининг “Eco Expo Central Asia 2026” кўргазмасида иштирок этиши Ўзбекистоннинг Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал қилишдаги муваффақиятли тажрибасини халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш, илмий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун инновацион ёндашувларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.