Инновацион марказ ўз фаолиятини бошлади
Малакали кадрлар тайёрлашда ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириш, таълим жараёнини таълим-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси тамойиллари асосида олиб бориш ҳамда ўқув дастурларини кадрлар буюртмачиларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш муҳим омил саналади.
Шунингдек, иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш соҳалари ҳамда тармоқларининг кенгайиб бориши таълим жараёнида замонавий рақамли технологияларни қўллаш ва ўқитишнинг янгича инновацион ёндошувларини жорий этишни талаб этади.

Таълим-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Миллий университети ва “Саноатқурилишбанк” билан ҳамкорликда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг инновацион маркази ташкил этилди. Марказни Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидов ва “Саноатқурилишбанк” бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Азиз Акбаржоновлар очиб беришди.

Ушбу марказ фаолиятидан кўзланган мақсад бизнес жараёнлар ва бошқарув сифатини ошириш, оптималлаштириш, банк тизимида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни банк фаолиятига кенг жалб этиб боришдан иборат.
Марказ фаолияти республикамизнинг банк-молия соҳаcb учун ахборот хавфсизлиги, дастурчи ва иқтисодий математика йўналишларида кадрлар тайёрлашда ҳамда уларни иш билан таъминлашда муҳим маскан бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, тегишли соҳа мутахассислари ва талаба-ёшлар томонидан киберхавфсизлик ва дастурий таъминотлар яратиш устида иш олиб борилади. Шунингдек, унда илмий-таълим доиралари буюртмалари асосида қўшма илмий ва амалий тажрибалар ҳам ўтказилади.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА