“Инклюзив таълимдан инклюзив жамиятга”
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан “Инклюзив таълимдан инклюзив жамиятга” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Ушбу анжуман мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги инклюзив таълим иштирокчиларининг, жумладан, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, масъул мутахассислари малакасини ошириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини хорижий ва маҳаллий илғор тажрибалар асосида такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилашдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли бўлди.

Халқаро конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика-илмий методик маркази, Сургут давлат педагогика университети (Россия Федерацияси), Беларусь давлат педагогика университети инклюзив таълим институти мутахассислари, инклюзив таълимда фаолият олиб бораётган педагог ходимлар, психологлар, методистлар эса ЗООМ платформаси орқали онлайн иштирок этди.
Халқаро илмий-амалий конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистонда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш, уларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш, уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш борасидаги муаммоларни бартараф этиш, хорижий тажрибалар ўрганиш ва тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА