Инклюзив таълим болаларга янги имкониятлар эшигини очди
Мамлакатимизда ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, ўз ақлий ва ижодий салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, инклюзив таълим тизимининг кенг жорий этилиши алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг жамиятга интеграциялашуви, билим олиши ва ижтимоий ҳаётга фаол қўшилишида муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳрида яшовчи Ифорзода Раҳматуллаева ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланган ўқувчилардан. Психологик-тиббий-педагогик комиссия тавсиясига кўра, у шаҳардаги инклюзив таълим йўлга қўйилган 26-сонли умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинди.
У илгари инклюзив таълим гуруҳида бирга тарбияланган мактабгача таълим ташкилотидаги дўстлари билан энди бир синфда ўқишни давом эттирмоқда. Бу эса унинг янги муҳитга тез мослашиши ва дарсларни кўтаринки руҳда ўзлаштиришига хизмат қилмоқда.

— Дастлаб жуда хавотирлангандим, — дейди унинг онаси Шаҳноза Бобоқулова. — Қизимнинг синфдошлари билан чиқишиб кетиши биз учун жуда муҳим эди. Бахтимизга, у боғчада бирга бўлган дўстлари билан бир синфда ўқийдиган бўлди. Ҳозирда мактабга катта қувонч билан қатнаб, тенгдошлари қатори билим олмоқда.
Таъкидлаш жоизки, инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйиши, ўз ўрнини топиши ҳамда жамиятнинг фаол аъзосига айланишида беқиёс аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, жорий ўқув йилининг сентябрь ойида Тошкент вилоятида 100 нафардан ортиқ ўқувчи инклюзив таълим ташкил этилган умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди.
А.Мусаев,ЎзА