Индонезия парламенти делегацияси Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий мероси билан танишди
Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши Раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф доирасида мамлакатимизнинг қатор маънавий-маърифий ва диний муассасаларида бўлди.
Хусусан, меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, юртимизда асрлар давомида шаклланган бой илмий-маърифий мерос, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида маълумот олди.
Делегация аъзолари Марказда жорий этилган замонавий музей технологиялари, ноёб қўлёзмалар ва экспозицияларни юксак баҳолаб, унинг ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги ўрнини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг парламент делегацияси аъзолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан суҳбат чоғида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний таълим ҳамда илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида фикр алмашди.
Ўзбекистон ва Индонезия халқларини боғлаб турган умумий маънавий қадриятлар, буюк алломалар мероси, диний-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш, илм-фан, диний таълим ва зиёрат туризми бўйича алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида томонлар умумий маънавий меросни асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб қилиш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА