Имтиёзлар ва иқтисодий фаровонлик
Навоийда “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиши ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш масалалари” мавзусида конференция ўтказилди.
Навоийда “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиши ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш масалалари” мавзусида конференция ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Ф.Умаров, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси дирекцияси директори А.Файзиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида иқтисодий ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётгани, янги тармоқ ва ишлаб чиқаришлар ўзлаштирилаётгани мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг барқарор ўсишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Халқаро бозорда муносиб ўрин эгаллаш, экспорт ва импорт муносабатларини юқори суръатга кўтариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонунлари мамлакатимизда инвестиция сиёсатини амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Президентимиз ташаббуси билан 2008 йилда Навоий вилоятида ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зонада бугунги кунда Хитой, Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Буюк Британия каби давлатлар иштирокида 19 завод фаолият юритмоқда. Уларда автомобиль саноати учун зарур эҳтиёт қисмлар, энергетика тизимида фойдаланиладиган кабель, турли гигиеник воситалар ва рақамли телемосламалар, маиший электрон техникалар ишлаб чиқарилмоқда.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасига киритилган 124,2 миллион доллар миқдоридаги инвестициянинг қарийб 30 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Ҳудудда рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. 2015 йилда бу ердаги корхоналар томонидан қарийб 184 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Айни пайтда бу ерда экспортга йўналтирилган, замонавий ускуна ва техникалар, инновация технологияларини жорий этиш ҳисобидан жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 68 миллион долларга тенг 6 истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасига чет эл инвестицияларини кенг жалб этиш, хорижий сармоядорлар иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантириш ҳамда зарур ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Анжуманда хорижий эркин зоналар тажрибасини ўрганиш, ҳудуд жозибадорлиги ва иқтисодий нуфузини янада юксалтириш бўйича фикр алмашилди.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.