Имтиёз ва имкониятлар самараси
Қашқадарё вилоятида 17 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида уларнинг улуши 62,1 фозни ташкил этди.
Қашқадарё вилоятида 17 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида уларнинг улуши 62,1 фозни ташкил этди. Вилоятдаги тижорат банклари томонидан ушбу секторга 500 миллиард сўмга яқин кредит ажратилди. Натижада 22 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ўз самарасини бераётир. Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида 850 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 28 ноябрдаги “Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармони соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида иш бошлаган “Санам” масъулияти чекланган жамиятида қирқ турдаги тикувчилик маҳсулотлари – махсус кийимлар, кўрпа-тўшак, костюм, эркаклар ва аёллар мавсумий либослари ишлаб чиқарилмоқда. Қарши шаҳридаги ушбу корхонанинг иқтисодий аҳволи йилдан-йилга юксалмоқда.
– Тадбиркорларга кўплаб имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда, – дейди “Санам” МЧЖ раҳбари Саъдулла Бобоқулов. – Президентимизнинг 2009 йил 28 январдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ягона солиқ тўлови бўйича катта имтиёзлар берилди. Шунинг ҳисобидан корхонамиз ихтиёрига ўтказилган маблағ эвазига хориждан бичув ускуналари, электрон тикув дастгоҳлари, матога безак берувчи машиналар келтириб ўрнатдик. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш сифати ва ҳажми ошиб, икки юзта янги иш ўрни яратилди.
Ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида Миришкор ва Чироқчи туманларида ташкил этилган ушбу корхона филиалларида ҳам кўплаб аҳоли иш билан таъминланди. 2014 йили 8 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришга эришилди.
Ўтган йили пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 1,2 миллиард сўмлик шартнома имзолаган “Санам”да айни кунда 600 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир.
– Болалигимдан тикувчи бўлишни мақсад қилганман, – дейди қаршилик Моҳигул Отамуродова. – Шу йўналишга ихтисослашган коллежда ўқидим. Бугунги кунда “Санам”нинг тикувчилик цехида ишлаётганим, доимий даромадга эга бўлаётганимдан хурсандман.