Импорт ўрнини босувчи сув фильтрлари ишлаб чиқилмоқда
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 850 миллион сўмга молиялаштирилган тескари осмос технологияси асосида сув фильтрлари ишлаб чиқариш лойиҳасига старт берилди.
Вазирлик маълумотига кўра, «Турон Комплект» МЧЖ Ромитан инновацион ҳудудида импорт ўрнини босувчи сув фильтри ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Хитой, Туркия ва Европа давлатлари технологиялари билан сифат жиҳатидан рақобат қила оладиган мазкур қурилма хамёнбоплиги билан ажралиб туради.
Корхона томонидан республикамизнинг йирик саноат корхоналарига сув фильтри ўрнатиш баробарида зарур техник хизмат ҳам кўрсатилади. Сув тозалаш ускуналари бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллай бошлаган тескари осмос тизими маиший хўжалик ва ичимлик сувини тозалашга мўлжалланган бўлиб, ер остидаги ҳамда шўр сувни тозалайди. 99 фоизгача зарарли минерал, оғир метал, вирус ва бактерияни йўқотади.
Тескари осмос тизими озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, кимё, гальваника, микроэлектроника, фармакология соҳаларидаги технологик жараён учун сув тайёрлаш (сувни тузсизлантириш)да қўлланади. Корхонада ТК серияли, соатига 250 литр ишлаб чиқариш қувватига, 30 тонна унумдорлик миқдорига эга самарадорлик йўлга қўйилган.
Дастлабки фильтрлаш учун 5 мкм ва 1 мкм.ли механик фильтрдан фойдаланилади. Шу билан бирга ҳар бир мижознинг манба суви текшируви кўрсаткичидан келиб чиқиб, бир неча босқичли бирламчи тозалаш тизими ҳам ўрнатилади.
Ҳар бир мижоз буюртмасига алоҳида ёндашилади. Манба сувининг механик ва кимёвий таҳлил натижасига мувофиқ, оптимал конструкциядаги фильтр таклиф этилади.
ЎзА