Имкониятни натижага айлантираётган аёл
Орамиздаги замондошларимиз Навоийнинг олис қишлоқларидан бирида бир аёл қўлига игна-ип олди. Бошқа бир ҳудудда эса яна бир хотин-қиз компьютер олдида ўтириб, янги касбни ўрганишга киришди. Яна бири тадбиркорлик асосларини ўрганиб, ўз ишини бошлаш ҳақида ўйлади. Улар ҳаётидаги бу каби кичик қадамлар ортида катта бир мақсад – ўз меҳнати билан даромад топиш, оиласига кўмак бериш ва жамиятда ўз ўрнини топиш истаги бор эди.
Кейинги йилларида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, бандлигини таъминлаш ҳамда илм-фан ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиши учун яратилган имкониятлар бугун ўз натижасини бермоқда.

Бугун ана шу аёлларни бир мақсад атрофида бирлаштириб, уларга касб ўрганиш, тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд этиш имконини яратишга ҳисса қўшаётган инсонлардан бири Гулсанам Норовадир.
У раҳбарлик қилиб келаётган Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази бундан роппа-роса етти йил олдин – 2019 йил 21 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Марказнинг асосий вазифаси вақтинча ишсиз хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга ўқитиш, касаначиликни ривожлантириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, иш билан таъминлаш, ўзини ўзи банд қилишларига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Касб ўрганишнинг ўзи мақсад эмас. Асосий мақсад ўрганилган касб орқали даромад топиш, мустақил бўлиш ва оила фаровонлигига ҳисса қўшишдир. Ўтган етти йил ичида марказда қарийб 20 минг нафар ишсиз хотин-қиз 63 турдаги касб-ҳунарга бепул ўқитилди. Улардан 7 263 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади, 2 694 нафари доимий ишга жойлашди, 3 127 нафари ўзини ўзи банд қилди.

Олис қишлоқлардаги хотин-қизлар билан ишлаш осон эмас. Шаҳар марказларидаги имкониятлар чекка ҳудудларга ҳар доим ҳам бирдек етиб бормайди. Кимдир узоқ вақт фарзанди тарбияси билан банд бўлган, кимдир касб ўрганиш имкониятига эга бўлмаган, яна кимдир иқтисодий қийинчилик сабабли ўз қобилиятини рўёбга чиқара олмаган. Ана шундай вазиятда касб ўргатиш оддий таълим эмас. Бу инсонга ўз кучига ишонишни ўргатишдир.
2020 йилда марказнинг “Навоий вилояти олис қишлоқ ёшлари орасида тадбиркорликни ривожлантириш ва молиявий саводхонлигини ошириш” лойиҳаси учун 40 миллион сўмлик грант қўлга киритилди. 200 нафар ёш тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик бўйича ўқитилди.
Ташаббуслар ҳар йили давом этди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 30 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, 100 нафар вақтинча ишсиз хотин-қиз 11 турдаги касб-ҳунарга бепул ўқитилди. Лойиҳа якунида 34 нафар аёл ўзини ўзи банд қилди, 21 нафарига имтиёзли кредит олишда ёрдам кўрсатилди, 9 нафари ишга жойлаштирилди.

Йилдан-йилга марказнинг фаолият кўлами кенгайиб бораверди. Хатирчи, Навбаҳор, Нурота ва Қизилтепа туманларининг олис қишлоқларида амалга оширилган 70 миллион сўмлик лойиҳа доирасида 4 752 нафар хотин-қиз турли касб ва йўналишларда таълим олди. Уларнинг бири тикувчиликни, бири пазандачиликни, бошқаси паррандачилик ёки чорвачиликни, яна бири сартарошлик, бухгалтерия, компьютер саводхонлиги, миллий ҳунармандчилик ва асаларичиликни ўрганди. Ҳатто “resin art” ва миллий қўғирчоқлар ясаш каби замонавий ва ўзига хос йўналишлар ҳам қамраб олинди. Натижада 622 нафар иштирокчи ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди, 416 нафарига имтиёзли кредит олишда амалий кўмак берилди.
Гулсанам Норованинг фаолияти фақат тадбиркорлик билан чекланиб қолмаган. Унинг ҳаётида илм-фан ҳам алоҳида ўрин тутади. Амалиётда тўпланган тажрибани илмий изланишлар билан уйғунлаштириш унинг фаолиятидаги муҳим жиҳатлардан бири. 2022 йилдан Озарбайжон Фанлар академиясида бинар тадқиқотчи сифатида фаолият юритаётган Гулсанам Норова хотин-қизлар тадбиркорлиги, таълим, ижтимоий ривожланиш, молиявий саводхонлик ва жамоат ташкилотлари фаолиятига оид масалаларни илмий жиҳатдан ўрганиб келмоқда.

У илмни ҳаётдан узоқ тушунча деб билмайди. Аксинча, илмнинг қадри унинг амалиётга хизмат қилишида, деб билади. Хотин-қизлар тадбиркорлиги, молиявий саводхонлик ва ижтимоий ривожланиш масалаларини ўрганиш ҳам унинг амалий фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.
Халқаро тажриба ҳам унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади. 2014 йилда Германияда малака ошириб, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ва ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича тажриба орттирди. Бу тажриба кейинги фаолиятида ҳам қўл келгани шубҳасиз. 2021 йилдан Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Тадбиркор аёллар” клуби аъзоси сифатида фаолият юритиб келаётгани ҳам унинг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган ишларини янада кенгайтириш имконини берди. Ўша йилнинг 21 сентябрида Ўзбекистон - Қирғизистон тадбиркор аёллари иштирокидаги халқаро бизнес-форумда қатнашиб, Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва “Ўсиш академияси” интеллектуал ривожланиш маркази ўртасида агро соҳа бўйича 2 миллион долларлик ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Г. Норова раҳбар сифатида минглаб хотин-қизларга касб ва даромад йўлини очишга, тадбиркор сифатида янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга, жамоат фаоли сифатида ижтимоий масалаларга бефарқ бўлмасликка, олима сифатида эса илмий изланиш ва тафаккур орқали янги билимлар яратишга интилиб келмоқда. Зеро, касб эгаллаган аёл – оиласига таянч, тадбиркор аёл – иқтисодий тараққиётга ҳисса, фаол аёл – жамиятнинг кучи, олима аёл эса миллатнинг интеллектуал бойлигидир.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири