Имкониятлар кенгайиб, сифат ошмоқда
Сирдарёда перинатал хизмат сифатини ошириш, ҳомиладор аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаёти хавф остида бўлган чақалоқларга ўз вақтида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилоят ҳудудий филиалида замонавий тиббий технологиялар ва янги ускуналардан самарали фойдаланиш, малакали мутахассислар салоҳиятини ошириш орқали мураккаб ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Зеро, она ва бола саломатлиги жамиятнинг эртанги кунини белгилайдиган муҳим мезонлардан биридир.
Айниқса, чақалоқлар реанимацияси ҳамда хаста ва чала туғилган чақалоқлар бўлими фаолияти йўлга қўйилгани перинатал хизмат имкониятларини сезиларли даражада оширди. Муддатидан олдин туғилган, туғма нуқсонлар ёки турли касалликлар билан дунёга келган чақалоқлар бу ерда кечаю кундуз тиббий назоратга олинади. Зарур ҳолларда уларга интенсив даволаш ва реанимацион ёрдам кўрсатилади.
— Перинатал хизматдаги асосий мақсадимиз — она ва чақалоқ ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш. Айниқса, муддатидан олдин туғилган чақалоқлар алоҳида эътибор ва парваришни талаб этади. Шунинг учун реанимация ва хаста чақалоқлар бўлимларида замонавий тиббий ускуналар ёрдамида ҳар бир боланинг ҳолати индивидуал тарзда назорат қилинади. Асосий вазифа нафақат чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш, балки унинг кейинги ўсиши ва ривожланиши учун зарур шароитларни яратишдан иборат, — дейди филиал директори Шаҳло Хожаева.
Бугун филиалда янги туғилган чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатишда кувезлар, фототерапия лампалари, кардиомониторлар, CPAP аппаратлари, сунъий ўпка вентиляцияси қурилмалари ва инфузион насослардан самарали фойдаланилмоқда.
Моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида “Ишонч 2030” лойиҳаси доирасида вилоятдаги 11 та туғруқ бўлимига 23 турдаги 253 дона тиббий жиҳоз етказиб берилди. Бу эса ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтирди.
[gallery-31111]
Филиалга умумий қиймати 640 миллион сўмлик “Cell Saver” бемор қонини аутогемотрансфузия қилиш аппарати олиб келингани ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётлари самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди. Ушбу технология қон йўқотишни камайтириш ва операция жараёнида беморга зарур тиббий ёрдамни самарали ташкил этиш имконини беради.
Аслида, перинатал хизмат сифати туғруқ жараёнидан анча олдин — аёлнинг ҳомиладорликка тайёргарлиги ва саломатлик ҳолатини баҳолашдан бошланади. Шу нуқтаи назардан, вилоятда туғиш ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларни соғломлаштиришга катта аҳамият берилмоқда.
Энг муҳими, туғиш ёшидаги аёлнинг 98 фоиздан ортиғи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувлар давомида 79 139 нафар аёлда турли экстрагенитал касалликлар аниқланиб, уларнинг 96,2 фоизи соғломлаштириш чоралари билан қамраб олинди.
— Бугун тиббиётда касалликни даволаш билан бир қаторда, унинг олдини олиш ва хавф омилларини барвақт аниқлашга устувор аҳамият берилмоқда. Шунинг учун ҳомиладорликдан олдин аёлларнинг саломатлигини баҳолаш, аниқланган касалликларни даволаш ва хавф гуруҳига кирувчи беморларни алоҳида назоратга олиш муҳим. Бу жараённи бирламчи тиббий бўғин билан узвий ҳамкорликда ташкил этяпмиз, — дейди Шаҳло Хожаева.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда генетик диагностика ва скрининг хизматлари ҳам муҳим ўрин тутади. Филиалда замонавий генетик лаборатория фаолият юритиб, зарур таҳлиллар билан бирга тиббий-генетик маслаҳат хизматларини ҳам кўрсатмоқда.
— Ирсий ва туғма касалликларни қанчалик эрта аниқласак, уларнинг оғир асоратларини шунчалик самарали назорат қилиш имконияти ошади. Шу боис оилавий анамнезни ўрганиш, зарур ҳолларда генетик текширувлардан ўтиш ва ҳомила ривожини мунтазам назорат қилиш муҳим. Бу борада генетик шифокорлар, акушер-гинекологлар ва бошқа мутахассислар ҳамкорлиги йўлга қўйилган, — дейди филиал директори.
Филиал мутахассисларининг республика маркази билан яқин ҳамкорлиги ҳам мураккаб ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Илгари айрим мураккаб ҳолатларда беморларни пойтахтга юбориш зарурати туғилган бўлса, бугун тажрибали мутахассислар иштирокида қатор мураккаб ва юқори технологик амалиётларни вилоятнинг ўзида бажариш имконияти яратилмоқда.
Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида ҳам профилактика ва скрининг тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Вилоятда 0–18 ёшдаги 147 362 нафар боланинг 99,4 фоизи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган 26 167 нафар бола соғломлаштирилди. Болаларда онкогематологик касалликлар ва гельминтозларни эрта аниқлаш мақсадида скрининг текширувлари ҳам ташкил этилмоқда.
Профилактика ишларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида тиббий-маърифий хизматлар маҳаллаларгача туширилмоқда. Вилоятда 221 та маҳаллада “Соғлом оила маслаҳатхонаси” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда уларнинг 54 таси фаолият юритмоқда.
Маслаҳатхоналарда аҳолига репродуктив саломатлик, соғлом оила, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, исталмаган ҳомиладорлик, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳамда ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда.
Сирдарёда перинатал хизматни ривожлантиришда эътибор фақат тиббий ёрдам кўламини кенгайтиришга эмас, балки унинг сифатини оширишга ҳам қаратилмоқда. Замонавий тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш, чала ва хаста туғилган чақалоқларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш, ҳомиладорликкача бўлган даврда профилактик тадбирларни кучайтириш, генетик диагностика ва скрининг хизматларини ривожлантириш ана шу мақсаднинг муҳим йўналишларидир.
Бир сўз билан айтганда, она ва бола саломатлигини асраш — биргина тиббиёт тизимининг эмас, бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА