Имконияти чекланганлар ҳамиша эътиборда
Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш учун кенг кўламли ишлар қилиняпти.
Айниқса, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкент вилояти Бекобод шаҳар Давлат хизматлари марказида шаҳар адлия бўлими, прокуратураси, юрдик хизмат, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг шаҳар бўлими ҳамкорлигида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари” мавзусида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти шаҳар бўлинмаси аъзолари иштирок этган тадбирда шаҳарда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада ошириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар билан тизимли ишлаш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан атрофлича фикр билдирилди. Шунингдек, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.

– Семинарда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди, – дейди Давлат хизматлари маркази директори Муродқосим Нурматов. — Мазкур ҳужжатлар асосида шаҳарда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими шакллантирилиб, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали яшаш даражасини ошириш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар томонидан 2022 йил 1 мартдан бошлаб солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилгани, 2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилиши тушунтирилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлашгандан сўнг, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлагандан кейин ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
А.Мусаев, ЎзА