Имконияти чекланган ўқувчилар эътиборда
Андижонда “Нурли маскан орзуси” VI-Республика форуми бўлиб ўтди.
Асака туманидаги 16-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослашган мактаб-интернатда ўтказилган форумда республикамиздаги барча “Нурли маскан” мактаб-интернатлари директорлари, ички ишлар органлари масъул ходимлари, туман ҳокимлиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форумда “Нурли маскан” мактаблари ўқувчиларига сифатли таълим ва тарбия бериш, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш хусусида атрофлича сўз юритилди.

– “Нурли маскан” мактабларида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида фикр алмашилганлиги шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнорахон Абдувоҳидова. – Мазкур мактаблар ўқувчиларининг жисмоний имкониятидан келиб чиқиб, уларни соғлом, маънан етук инсон қилиб тарбиялаш, дунёқарашини бойитиш, спорт турларига қизиқтириш, қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилувчи маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Форумда Андижон вилояти ИИБ томонидан оталиққа олинган 16- Нурли маскан ихтисослаштирилган мактаб-интернатида белгиланган барча ишлар намунали тарзда олиб борилаётганлиги, туман ҳокимлиги, бириктирилган масъуллар томонидан мактаб маъмуриятига, мутахассисларга зарур ёрдам кўрсатилаётгани алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари томонидан қарор ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар, мавжуд муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилди, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда Асака тумани ҳокими Бекзод Умматов томонидан мактаб жамоасига эсдалик совғалар, маиший техника жиҳозлари топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА