Имконияти чекланган инсонларга кўмак берилди
Нурафшон шаҳридаги "Тонг" маданият марказида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан "Бор меҳримиз сизга" шиори остида хайрия тадбири ўтказилди.
Унда ҳудудда яшовчи 120 нафар имконияти чекланган инсонга ижтимоий кўмак берилди. Дастлаб улар учун шаҳар маданият бўлими ижодкорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак ва Нурафшон шаҳар ҳокими ўринбосари Насиба Қулбекова, ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари сўзга чиқиб, ўзларининг илиқ тилакларини билдирди.
Шундан сўнг ногиронлиги бор шахсларга турли ортопедик жиҳозлар, хусусан, махсус аравача, эшитиш мосламалари, кўзи ожизларга эса ҳасса ва юриш мосламалари тақдим этилди.
Дегантепа маҳалласида яшовчи Мадиёр Абдурасулов 10 ёшда. У II гуруҳ ногирони бўлишига қарамай спортнинг байдарка тури билан шуғулланади. Китоб ўқишни яхши кўради. Тадбирда бу болакайга ҳам янги ногиронлар аравачаси совға қилинди.

– Орзуим Олимпиада чемпиони бўлиш,– дейди М. Абдурасулов. – Бунинг учун спорт билан мунтазам шуғулланяпман. Оилада тўнғич фарзандман. Уй шароитида мактаб дарсларига қатнашаман. Укаларим билан бирга дарс тайёрлаймиз.
Ҳозир Нурафшон шаҳрида яшовчи 54 мингдан зиёд аҳолининг 1 минг 700 дан зиёди ногиронлиги бўлган инсонлардир. Уларга йил давомида белгиланган тартибда ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Уйда ётиб қолган, боқувчиси йўқ шахсларнинг ҳолидан мунтазам хабар олинади.
А. Мусаев, ЎзА мухбири