Имконият, ташаббус ва тараққиёт
«Туркистон» саройи ёнида ўрнатилган оппоқ ўтов кўпчиликнинг эътиборини тортди десак, муболаға бўлмайди. Унинг ичида бир оиланинг ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар муҳайё.
«Туркистон» саройи ёнида ўрнатилган оппоқ ўтов кўпчиликнинг эътиборини тортди десак, муболаға бўлмайди. Унинг ичида бир оиланинг ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар муҳайё.– Чимбой туманида ўтов ясайдиган учинчи авлод вакилиман, – дейди "Ташаббус – 2017" кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчиси, ҳунарманд Азамат Турекеев. – Кигиз уйнинг суяги бир-бирига чевар ва ҳунармандлар тиккан чиройли нақшлар ҳамда "бау басқурлар", "танғиш" дея аталувчи боғлар орқали бириктирилади. Унинг атрофи қора тол, тепаси эса оқ тол ёғочидан бўлиб, битта ўтов қуриш учун қарийб икки ой вақт сарфланади. Уйнинг ташқи жиҳозлари қуёш нурини, ёмғир сувини ўтказмай, иссиқликни бир меъёрда сақлайди.
Бугун пойтахтимизда бошланган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилаётган “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг мамлакат босқичида бу каби кўплаб қизиқарли экспонатларни кўриш мумкин. Сарой фойесида турли-туман ишланмалар, маҳсулотлар, миллий либослар, пишириқлар намойиш этилмоқда.
Қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлиги ва молиявий кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, "Ҳунарманд" уюшмаси иштирокида ташкил этилган кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 14 тадбиркор, 14 ҳунарманд ва 13 фермер иштирок этмоқда. Уларга "Ташаббус – 2017" кўрик-танловининг ташкилий қўмитаси номзод дипломи, иштирокчи кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак " номли китоби ва совғалар топширди.
Бу йилги танлов иштирокчилари орасида экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган, иқтисодиётнинг турли йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Фермерлик йўналиши ютуқларини эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган кўп тармоқли хўжаликлар тақдим этмоқда.
Навоий вилоятидаги «Азим ота» фермер хўжалиги биринчи чоракда Ҳиндистонга 60 тонна мош экспорт қилди. Йил охирига қадар яна 180 тонна мош етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Қоракўл терилари ва қўй жунини экспортга чиқариш борасида келишувлар мавжуд. Хўжалик деҳқончилик, чорвачилик, асаларичилик билан бир қаторда улгуржи савдо, қурилиш-монтаж ишларини бажариш билан ҳам шуғулланади.
– Ҳозир 300 тонналик музлаткич қуриш ишлари давом этмоқда, – дейди хўжалик раҳбари Илҳом Самиев. – 5 гектар боғ яратдик. Энди шу боғдаги ва атрофдаги аҳоли томорқаларида етиштирилган меваларни қуритиш ва қадоқлаб экспорт қилиш мақсадида замонавий цех барпо этиш тараддудини кўраяпмиз.
Танловнинг мамлакат босқичи номзодлари учта асосий – "Энг яхши тадбиркор", "Энг яхши фермер", "Энг яхши ҳунарманд" йўналишида баҳслашади. "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори", "Энг яхши тадбиркор аёл", "Энг яхши инновацион лойиҳа", "Энг масъулиятли ижтимоий шерик", "Йилнинг энг яхши озиқ-овқат саноати тадбиркори" каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Бу йил Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзининг савдо белгиларини йўналтириш ва янги бозорларни эгаллаганлик учун", "Республика ички бозорларида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун" номинациялари ҳам ташкил этилди.
– Биз замонавий технологиялар асосида ипак қурти парваришлаб, пиллани қайта ишлаймиз, – дейди "Бухоро бриллиант силк" қўшма корхонаси раҳбари Бахтиёр Жўраев. – Атлас, крепдешин, муслин, креп шифон каби эллик хилдаги матоларимизга хорижда харидорлар кўп. Ўтган йили Покистон, Хитой, Эрон, Вьетнамга қарийб 2 миллион 850 минг долларлик миқдордаги ипак ва ипак маҳсулотларини экспортга қилдик.
Кўргазма 17 май куни якунланади. 22 май куни эса "Туркистон" саройида "Ташаббус – 2017" ғолиб ва совриндорларининг номлари эълон қилиниб, уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.