Илон Маск расман уйсиз бойваччага айланди
Space X компанияси асосчиси ва бош директори Илон Маск куни кеча Калифорния штатида Хиллсборо шаҳридаги вилласини сотгандан кейин расман уйи йўқ бойваччага айланди, деб хабар бермоқда Fox News телеканали.
Миллиардер уйини номи ошкор қилинмаган харидорга 32 миллион долларга сотган. Майдони 19 гектардан иборат бўлган ушбу вилла Маскнинг энг охирги уйи эди, чунки штатдаги бошқа мулкларини у аввалроқ сотиб юборганди. Шу пайтгача Илон Маск барча кўчмас мулкларидан халос бўлишини таъкидлаб келарди.
Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, юз йиллик ёрқин тарихга эга Guignécourt, деб ном берилган ер мулки Илон Маск сотиб олгунга қадар ҳам машҳур саналган. У 1912 йилда франциялик граф Кристиан де Гинье томонидан бунёд этилган. Ўз навбатида, граф Кристиан де Гинье олтин васвасаси даврида катта маблағ тўплаган кишининг меросхўр қизига уйланган эди.