Илмли аёл-жамият кўзгуси
Аёл – жамият гултожи, борлиқ кўзгуси, миллат тарбиячиси. Унинг меҳр-муҳаббати навниҳоллар камол топишига, етук инсонлар бўлиб вояга етишига замин яратади. Аёл бахтли бўлса, жамият ҳам бахтли бўлади. Хотин-қизларни эъзозлаган ва қадрлаган юртнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам шубҳасиз фаровон бўлади.
Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган. Хотин-қизларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг илм-фан билан шуғулланиши учун яратиб берилаётган имкониятлар маҳсулини Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова мисолида кўриш мумкин. У 100 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, илм-фан соҳасининг барча тармоқларини ривожлантириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Садоқат Сиддиқова. – Аёлларнинг нуфузини ошириш, маънавий баркамол, комил авлодни тарбиялашда уларнинг ўрни беқиёслиги мамлакатимизда қабул қилинаётган фармон ва қарорларда ҳам ўз аксини топмоқда. Президентимиз аёлларнинг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг билимдон, замонавий мутахассис, малакали касб эгалари бўлишлари ҳамда соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида сиёсий-маънавий, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда хотин-қизларнинг фаол иштироки кўзга ташланмоқда. Ўзларининг креатив ғоялари ва ташаббускорлиги билан мамлакатимизни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
С.Сиддиқова Бухоро муҳандислик-технология институти ректори сифатида олийгоҳдаги ижтимоий-иқтисодий, ўқув, илмий-инновацион лойиҳалар, тижоратлаштириш жараёнидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, барча соҳаларда институтни юқори натижаларга эришишини таъминлади.
Унинг ташаббуси билан институт Times Higher Education агентлигининг World University Rankings – 2024 рейтингида “reporter” мақомига, Барқарорликни таъминлашга интилган университетларнинг глобал рейтингида 858 ўринни, 2025 йилги Осиёнинг энг яхши университетлари рейтингидан 64 ўринни эгаллади.
Шунингдек, 22 та ишлаб чиқариш корхонасида кафедра филиаллари ташкил этилди ва ҳозирда 250 нафар талабалар ҳақ тўланадиган дуал таълим асосида таҳсил олмоқда. Долзарб ва замонавий аҳамиятга эга бўлган биотехнология, реставрация, робототехника каби 17 та янги йўналиш киритилди. 33 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 26 та магистратура мутахассисликларининг таълим дастурларини дунёнинг ТОП-300 таликка кирган олийгоҳлар дастурлари асосида такомиллаштириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 10 та давлатнинг 17 та ОТМ таълим дастурлари таҳлил қилинди.
Қолаверса, ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари ва селекция ютуқлари учун олинган патентлар сони 2 бараварга оширилди ва 53 тага етказилди. Ахборот-коммуникация технологияларига оид дастурлар ва электрон маълумотлар базалари учун олинган гувоҳномалар сони 326 тани ташкил этди. Шунингдек, 4 та Халқаро грант-лойиҳа ҳисобидан 1 миллион евродан зиёд, 3 та давлат грантлари асосида ўтказилган тадқиқотлардан 683 миллион сўм, 7 та драйвер лойиҳалар бўйича 2 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги амалий-инновацион лойиҳалар бажарилди.
С.Сиддиқова Германия, Австрия, Швейцария, Хитой, Белорусия, Россия, Қатар, Озарбайжон, Туркия, Малайзия давлатларида бўлиб, ушбу давлатлардаги илғор тажрибаларни ўрганди ва уларни татбиқ этмоқда. Жумладан, институтда халқаро ҳамкорлар билан немис, корейс ҳамда турк тилларини ўқитиш бўйича тил марказлари ҳамда ишлаб чиқаришни рақамлаштириш ва сунъий интеллект асосида режалаштириш бўйича фаолият олиб борувчи “ALI BAKTAT” академияси ташкил этилди.
– Садоқат Сиддиқова меҳнаткаш, ҳамкасбларига доимий ёрдам кўрсатади, – дейди профессор Матлаб Темирова. – Меҳнат фаолияти давомида меҳнатсеварлиги ва юқори ижро интизомига эга эканлиги билан соҳа вакиллари орасида катта ҳурмат қозонган. Устувор вазифалар ва йўналишларни аниқлаш, режалаштириш қобилиятига эга. Ўз касбий даражасини ошириш устида доимий ишлайди. Янгиликка интилувчан, олий таълим тизимидаги ислоҳотлардан хабардор, қўйилган вазифаларга тўғри ёндаша оладиган, холис ва адолатли фикрлаши ҳаммага ўрнак бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири