Илмий ёндашув мўл ҳосил етиштиришга хизмат қилади
Бугун қишлоқ хўжалигида яхши ҳосил олиш учун фақат ер ва сувнинг ўзи кифоя эмас. Деҳқоннинг тажрибаси, меҳнати билан бирга илм-фан ютуқлари, замонавий технологиялар ва илғор хорижий тажрибадан унумли фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, пахтачиликда ҳар бир ишнинг ўз вақти ва меъёри бор. Уни тўғри белгилаш эса якунда ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатида намоён бўлади.
2026 йилги пахта мавсумида Республика агрохизматлар маркази (АКИС) мутахассисларининг жойларда олиб бораётган ишлари эътиборга лойиқ. Марказ томонидан ишлаб чиқилган илмий тавсиялар ва хорижий тажрибалар асосидаги ёндашувлар кластерлар ҳамда фермерлар учун амалий қўлланма вазифасини ўтамоқда.
Мавсум бошиданоқ ерни тайёрлаш, чигит экиш, ниҳолларни парваришлаш, озиқлантириш, суғориш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ҳосилни йиғим-теримга тайёрлашгача бўлган жараёнлар мутахассислар тавсиялари асосида ташкил этилди. Бунда энг муҳим жиҳат ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароити ҳисобга олинганидир.
Сув масаласи бугун ҳар бир деҳқонни ўйлантираётган муҳим масалалардан бири. Шу боис сувдан тежамкор фойдаланишга қаратилган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Томчилатиб суғориш, суғориш муддатларини аниқ белгилаш ва ўсимлик эҳтиёжига қараб сув бериш орқали кам ресурс билан яхши натижага эришиш имконияти кенгаймоқда. Бу, айниқса, сув тақчиллиги сезилаётган ҳудудлар учун муҳим.

Пахтачиликда яна бир муҳим омил – вақт. Ерга ўз вақтида ишлов бериш, чигитни белгиланган муддатда экиш ва ниҳолларни кечиктирмасдан парваришлаш экиннинг кейинги ривожига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун агротехник тадбирларни кечиктирмаслик, ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Жорий мавсумда хорижий тажрибадан, хусусан, Хитой пахтачилигида қўлланилаётган айрим технологиялардан фойдаланиш ҳам амалий аҳамият касб этди. Плёнка остига чигит экиш ва томчилатиб суғориш усулларининг уйғунлаштирилиши тупроқда намлик ва ҳароратни сақлаш, баҳорги совуқларнинг таъсирини камайтириш ҳамда ниҳолларнинг бир текис униб чиқишига хизмат қилди. Айрим тажриба майдонларида униб чиқиш кўрсаткичи 95 фоиздан ошди.
Албатта, юқори ҳосилнинг пойдевори экишдан бошланади. Даладаги кўчат сонини тўғри белгилаш, экиш схемасига амал қилиш, ўсимликни меъёрида озиқлантириш ва унинг ривожини бошқариш бир-бири билан боғлиқ жараёнлар. Шунинг учун пахтачиликда юқори ҳосил олишга қаратилган асосий қоидалар ишлаб чиқилиб, амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
Ўсимликни озиқлантиришда ҳам меъёр муҳим. Томчилатиб суғориш тизими орқали минерал ўғитларни ўсимлик эҳтиёжига қараб бериш – фертигация усули ғўзанинг соғлом ривожланиши ва ҳосил элементларининг шаклланишида самарали воситалардан бири бўлмоқда.
Ҳосилни кўпайтириш билан бирга уни ўз вақтида пишириб, нобуд қилмай йиғиб олиш ҳам муҳим. Шу боис ғўзанинг ривожланишини бошқариш, кўсакларнинг яхши тўлиши ва бир маромда очилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Этефон таркибли препаратлардан илмий тавсиялар асосида фойдаланиш ўсимликнинг ортиқча ўсишини чеклаб, озуқа моддаларининг кўсакларга йўналишига ёрдам беради.
Дефолиация жараёни ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Ғўза баргларининг табиий ажралишига шароит яратиш орқали кўсакларга қуёш нури ва ҳаво яхши етиб боради. Бу ҳосилнинг пишиб етилиши, тола сифати сақланиши ва йиғим-теримни самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.
Десикация эса ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш учун шароит яратади. Бироқ бу каби агротехник тадбирларнинг ҳар бири аниқ муддат, меъёр ва дала шароити ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.

Бугун пахтачиликдаги ёндашув ўзгармоқда. Илгари кўпроқ тажриба ва анъанавий усулларга таянган бўлсак, энди ҳар бир қарорни таҳлил, ҳисоб-китоб ва илмий тавсия асосида қабул қилишга эътибор кучаймоқда. Бу эса сув, ўғит, меҳнат ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш билан бирга, ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳар бир йилнинг об-ҳавоси, сув таъминоти ва дала шароити турлича бўлади. Шунинг учун тайёр қолипдан кўра, аниқ майдоннинг ҳолатини ўрганиш ва унга мос технологияни танлаш муҳим. АКИС мутахассисларининг жойларда фермер ва кластерлар билан бирга ишлаётгани ҳам шу мақсадга қаратилган.
2026 йилги пахта мавсуми мисолида кўринаётган натижалар бир ҳақиқатни тасдиқламоқда: илм-фан ва меҳнат бирлашган жойда самара бор. Замонавий технологиядан тўғри фойдаланиш, сувни тежаш, агротехник муддатларга риоя қилиш ва мутахассис тавсияси асосида иш юритиш мўл ва сифатли ҳосил учун мустаҳкам замин яратади.
Шерзод Ўринов,
Навоий вилоят агрохизматлар маркази директори.
ЎзА