Илмий трансформация ва рақамли база яратиш йўлида муҳим қадам
Илмий меросни сақлаш ва ривожлантириш замонавий технологияларсиз тўлиқ амалга ошмайди. Дунёдаги энг илғор рақамлаштириш воситалари мазкур меросни ҳимоя қилиш, сафарбар қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим роль ўйнайди. Мамлакатимизда бу йўналишда ҳам истиқболли қадам ташланиб, илмий меросни рақамлаштириш бўйича муҳим лойиҳа бошланди.
Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б. Асрор Норовнинг маълум қилишича, мазкур ташкилот томонидан 85 минг евро қийматга эга “ScanRobot 2.0 MDS” автоматик китоб сканери харид қилинган.
– Бу қурилма нафақат оддий техника, балки илмий фаолиятни янги босқичга олиб чиқадиган стратегик технологик ечим ҳисобланади, – деди у. –Ушбу ускуна Австрияда (Treventus компанияси) ишлаб чиқарилган бўлиб, дунёнинг энг илғор ва ишончли рақамлаштириш технологияларидан бири сифатида танилган.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда бу турдаги юқори даражадаги сканерлар дунё бўйича жуда кам. Маълумотларга кўра, уларнинг умумий сони тахминан 50-70 тани ташкил этади. Марказий Осиёда эса атиги 4 та мавжуд бўлиб, шундан 3 таси Қозоғистонда, биттаси эса юртимизда.
Мазкур ускуна соатига 2500 саҳифагача автоматик тарзда нусха қилади. Китоб саҳифаларини ўзи варақлайди. Энг муҳими, ҳатто қадимий ёки ноёб қўлёзмаларга ҳам зарар етказмасдан, махсус технология асосида эҳтиёткорлик билан рақамлаштиради. 400 DPI юқори аниқликда тасвир олиш, ранг чуқурлиги, бир вақтнинг ўзида архив, интернет ва чоп учун тайёр форматларни бериши уни оддий сканердан мутлақо фарқлайди. Яъни, бу қурилма нафақат сканер, балки тайёр илмий рақамли маҳсулот ишлаб чиқарувчи тизим.
Эндиликда илмий лойиҳалар ҳисоботлари, диссертациялар, ноёб китоблар ва қўлёзмалар фақат қоғозда қолиб кетмайди. Улар рақамли шаклга ўтади, сақланади, тез топилади ва кенг жамоатчиликка етиб боради. Бу эса илмни ҳақиқий ишлайдиган ресурсга айлантиради. Энг муҳими, ушбу имконият фақат битта ташкилот билан чекланмайди. Олий таълим муассасалари, илмий институтлар, йирик кутубхоналар ва архивлар ҳам энди ўз фондларини замонавий тарзда рақамлаштириш имкониятига эга бўлади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА