Илмий салоҳиятли кадрлар – мамлакат келажаги
Мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, олийгоҳларда жаҳон стандартлари ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Самарқанд давлат универеситетида 47 мутахассислик бўйича 368 нафар магистрантнинг диссертация ҳимояси бўлиб ўтди. Улар орасида Президент ва давлат стипендиантлари, халқаро IELTS ҳамда Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги сертификати соҳиблари, ўнлаб дастурчилар, илмий мақолалар муаллифлари бор.

Масалан, филология факультети магистранти Фарангиз Қурбонова “Лингвомаданий интерфенция ва уни бартараф этиш йўллари” мавзусида мобил илова яратгани учун сертификат олган. Унинг дессертацияси лингвистик интерференция, унинг турлари ва бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқишга қаратилган. Талаба Самарқанд шаҳрида яшовчи ўзбек, тожик ва рус миллатига мансуб аҳоли вакиллари нутқини солиштириш орқали интерференция ҳодисасининг келиб чиқиш сабабларини ўрганди.

Инсон ресурсларини бошқариш факультети магистранти Aзиз Самадов “Нефть қазиш жараёнида қолдиқ нефтни самарали қазиб олиш учун полимер таъсир этиш” мавзусида илмий иш ҳимоя қилди. Мазкур тадқиқот иқтисодий соҳада долзарб бўлиб, нефть қазиб олиш жараёнида чиқиндиларни самарали бошқаришга қаратилган. Азиз Президент, Улуғбек ва Самарқанд вилояти ҳокими стипендиялари ва “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони совриндори.

Биология факультети магистранти Гулжаҳон Чиннибоева “Ғўза сиртида яшовчи бактериялар ферментларини иммобиллаш” мавзусида диссертация ҳимоя қилди. У ғўза ўсимлиги сиртида яшовчи бактерияларни ўрганиб, улар бир қанча ферментлар биологик синтези учун муқобил манба бўлишини аниқлади. Ушбу талаба Жанубий Кореянинг Чонам университети ва Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигидаги алмашинув дастури иштирокчиси, халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференциялар қатнашчиси, қатор илмий мақолалар муаллифидир.

Жисмоний маданият факультети талабаси Васила Aлибоева “14-16 ёшли курашчиларнинг техник-тактик тайёргарлигини оширишда махсус машқлар самарадорлиги” мавзусида диссертация ҳимоя қилди. У пара-дзюдо бўйича икки карра Осиё чемпиони, Индонезияда ўтган Параосиё ўйинлари ғолиби, Португалияда ўтган пара-дзюдо чемпионати совриндори, Гран-при турнири совриндори бўлган. Васила “Токио – 2020” Паралимпия ўйинларида пара-дюздо бўйича иштирок этиш учун сертификатни қўлга киритган.
СамДУни бу йил 4 нафар афғонистонлик талаба-магистр ҳам битирди. Уларнинг илмий ишлари Aфғонистонда ўзбек тилини сақлаб қолиш ва янада ривожлантиришга оид. Бу ҳам мамлакатимизнинг қўшни Афғонистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорлиги кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Магистрлик – бу илм йўлидаги дастлабки қадам. Бугунги кунда магистрлар олдига меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш, олган билимини ўз фаолиятида самарали қўллаш бўйича жуда катта талаб қўйилмоқда.
Самарқанд давлат университети талабалари ҳам ўз соҳаси бўйича етарли билим ва малакага эга эканини улар ҳимоя қилган диссертациялар мисолида кўриш мумкин. Бу ёшлар таълим жараёнида олган билими ва ишлаб чиқаришда эгаллаган тажрибасини ўз фаолиятида самарали қўллай олади.
Беҳруз Шамсиддинов,
СамДУ Ахборот хизмати ходими
Шавкат Aкрамов (сурат).