Илмий фаолият борасидаги монополиянинг олди олинади
Қонун лойиҳасига шарҳ
Мамлакатимизда илм-фан соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳада тўпланиб қолган масалалар ўз ечимини топмоқда. Илм-фан билан шуғулланаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаётир. Натижада Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда тутган ўрни тобора кўтарилиб бормоқда.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида илмий тадқиқотлар сифатини кўтаришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Мазкур лойиҳа мазмун-моҳияти ҳақида депутат Ойдин Абдуллаева ўз фикрларини билдирди:
— Илмий фаолиятни ривожлантириш борасидаги ишлар билан бирга, олий таълим муассасаларининг мустақиллигини кенгайтириш, улар фаолиятида давлат маъмурий бошқарувини кескин камайтириш ҳамда шу орқали ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар тайёрловчи давлат олий таълим муассасаларини шакллантириш зарурати юзага келмоқда.

“Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 25-моддасида илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган илмий ташкилот ва таълим муассасаси (илмий ташкилот)да фаолият юритувчи мутахассис ва олимлардан иборат бўлиши кераклиги ҳақидаги норма мавжуд эди. Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги қарорига мувофиқ ушбу норма чиқариб ташланмоқда.
Гап шундаки, илмий фаолият борасидаги монополияни бекор қилиш мақсадидамиз. Шу билан бирга, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш жараёнида илм-фан интеграцияси ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Илм-фан тобора ривожланяптики, бунақа пайтда турли илмий фаолиятлар, илмлар бир-бири билан бирлашуви, битта илмий соҳанинг иккинчи соҳа методикаси ва тушунчаларидан фойдаланиш ҳолатлари жуда кўп учраяпти. Айниқса, бугунги кунда маданий мерос ва археологик тадқиқотларни ривожлантириш соҳасида турли соҳа олимларининг бирлашувини тақозо этадиган жараён юзага келди. Шу нуқтаи назардан ушбу қонун лойиҳаси муҳим ўрин тутади.
Унинг қабул қилиниши илмий тадқиқотлар бир муассасанинг монополиясига айланиб қолишининг олдини олишга, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ишини самарали ташкил қилишга, уларнинг таркибига таниқли мутахассис, олимларни кенг жалб қилган ҳолда илмий холисликни таъминлашга, илмий тадқиқотлар сифатини кўтаришга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
ёзиб олди.