Илм, инновация ва меҳнат уйғунлиги — мўл ҳосил гарови
Қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишга эришиш, аввало, илмга таяниш, инновацион ёндашув ҳамда тинимсиз меҳнат уйғунлигини таъминлашни тақозо этади. Бугун ерга шунчаки уруғ сепишнинг ўзи етарли эмас — ҳар бир гектардан юқори самарадорликка эришиш учун илғор агротехнологиялар, замонавий техника ва масъулиятли бошқарув зарур. Гулистон туманида фаолият юритаётган “Жасур Сардор файзи” фермер хўжалиги тажрибаси бу фикрнинг амалий исботидир.
Хўжалик раҳбари Сардор Шуҳратов ихтиёридаги 150 гектар ер майдонида пахта ва ғалла етиштириб, сўнгги уч йил давомида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу давр мобайнида 865 тонна пахта ва 833 тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди. Энг муҳими, пахтадан гектарига ўртача 45–50 центнер, ғалладан эса 75–80 центнер ҳосил олиниб, белгиланган режалар 120 фоиздан ортиқ бажарилди. Бу тасодифий ютуқ эмас, балки пухта режалаштирилган, илмий асосланган меҳнат самарасидир.

Фермер хўжалиги пиллачилик йўналишида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Сардор Шуҳратов раҳбарлигида жамоа давлатга 1,6 тонна сифатли пилла топшириб, белгиланган режаларни 107–112 фоиз даражасида бажарди. Бу эса хўжаликда қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларини уйғун ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
– Бу натижалар ўз-ўзидан келиб чиққан эмас, – дейди фермер. – Ҳар бир ютуқ ортида хўжалик аъзолари, агрономлар, механизаторлар, сувчилар ва бошқа ишчи-хизматчиларнинг фидокорона меҳнати турибди. Шунингдек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ҳал қилувчи омил бўлди.
Дарҳақиқат, сўнгги уч йил давомида ерларнинг унумдорлигини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 3,6 километр зовур тозаланиб, дренаж тизими қайта тикланди. Натижада экин майдонларининг балл бонитети 49 баллдан 60 баллгача кўтарилди. Сув таъминоти оғир бўлган 36 гектар ер майдонига насослар ўрнатилиб, суғориш тизими яхшиланди. Бу эса ҳосилдорлик ошишига бевосита таъсир кўрсатди.

Инновацион ёндашувнинг яна бир ёрқин мисоли — АҚШнинг “Trimble” технологияси асосида ер майдонларида лазерли текислаш ишларининг жорий этилганидир. Ушбу технология қўлланилиши натижасида сув сарфи 40 фоизга қисқартирилиб, ҳосилдорлик 7–10 центнерга ошди. Бу сув ресурслари тақчил бўлган шароитда айни муддао бўлиб, иқтисодий самарадорликни таъминлади.

Фермер хўжалигида озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли дастурхонини тўкин қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хўжалик ихтиёридаги 2 гектар ер майдонида боғ барпо этилиб, унда узумнинг ризамат, тайфи, ҳусайни, келин бармоқ каби серҳосил навлари етиштирилмоқда. Бу ташаббус ишчи-хизматчилар учун қўшимча даромад манбаи бўлиш билан бирга, маҳаллий бозорларда сифатли маҳсулотлар таклифини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Самарали меҳнат ва ташаббускорлик давлат томонидан муносиб баҳоланмоқда. Сардор Шуҳратов 2023 йилда “Илғор фермер”, 2024 йилда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Жорий йилда эса Президент фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

Фермер олдинга қўйилган мақсадлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Хорижий тажрибани ўрганиш ва янги инновацион усулларни жорий этиш мақсадида у айни пайтда Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бошчилигидаги делегация таркибида Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди. Ушбу сафар давомида қўлга киритилаётган билим ва тажрибалар келгусида ҳосилдорликни янада ошириш, ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтганда, “Жасур Сардор файзи” фермер хўжалиги мисолида илм, инновация ва меҳнат уйғунлиги қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил ҳамда барқарор ривожланишнинг энг ишончли гарови экани яққол намоён бўлмоқда. Бу ҳақиқатни теран англаган фермер эса изланишдан бир лаҳза ҳам тўхтамай, доимий равишда янгилик сари интилиб келмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири