Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси янги босқичга кўтарилмоқда
Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга бeвосита жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда «Ўзбекистон ТМК» АЖ ўртасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Фанлар академияси вице-президенти Ш.Турдиқулова бошчилигидаги бир гуруҳ олимларнинг «Ўзбекистон ТМК» АЖга ташрифи доирасида ўтказилган учрашувда томонлар саноат эҳтиёжларига йўналтирилган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва илмий натижаларни тижоратлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Музокаралар якунида ҳамкорликда Технологиялар трансфери офисини ташкил этиш бўйича муҳим келишувга эришилди.
Янги ташкил этиладиган офис «илмий ғоя → технология → прототип → пилот синов → ишлаб чиқаришга жорий этиш → тижоратлаштириш» занжири асосида илмий ишланмаларни ривожлантириш ва уларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.


Шунингдек, ҳамкорлик доирасида бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, компания ҳудудида яримўтказгичлар, юқори тозаликдаги 5N–7N материаллар, гидрометаллургия, батарея материаллари, сунъий интеллект ва рақамли эгизаклар бўйича махсус лабораториялар ташкил этилади. Геология, рақамли кон, критик металлар ва тижоратлаштириш каби йўналишларда эса махсус секциялар фаолияти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, саноат муаммоларини бевосита илмий тадқиқот мавзусига айлантириш, илмий консорциумлар тузиш ва тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш учун қулай рақамли муҳит яратилади.

Мазкур ҳамкорлик механизми Фанлар академияси институти олимларининг интеллектуал салоҳиятини реал сектор эҳтиёжлари билан уйғунлаштириб, мамлакатимизда инновацион технологияларни бeвосита ва тезкорлик билан амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА