Илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшаман
Мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароитлар яратилган. Шу боис ҳам кейинги йилларда нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсдаги турли танловлар, фан олимпиадаларида ғолиб бўлаётган ёшлар сафи кенгаймоқда.
Илм-фан йўналишида юқори натижаларга эришаётган ёшлардан бири Менделеев номидаги Россия кимё-технологиялар университетининг Тошкент филиали талабаси Дурдона Мухторхўжаевадир. Эндигина ўзининг ўн тўққиз ёшини қарши олаётган андижонлик Дурдона Мухторхўжаева кимё фани бўйича ўтказилган кўплаб илмий анжуманлар, халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Дурдона кимё фани бўйича юксак билим ва салоҳиятини намоён этиб, ушбу фан бўйича ўтказилган олимпиадаларда юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилинган. У мактабда, кейин эса университетдаги ўқиши давомида 6-халқаро ChemiCo, Мега талант халқаро олимпиадаларида ғолиб бўлган. Шунингдек, Венгрия давлатида бўлиб ўтган 55- Менделеев номидаги халқаро кимё олимпиадасида кумуш, Японияда ўтказилган 53 – жаҳон кимё олимпиадасида бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон шарафини юксакларга кўтарди, ўзбек ёшлари илм-фан соҳасида ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини намойиш этди. Айни кунда Дурдона кимё фанидан “Уч ва тетракорбонил бирикмаларининг синтези, тузилиши, нуклеофил реагентлар билан реакциялар ва металл тузлари билан комплексланиши” мавзусида илмий иш олиб бориш билан бирга, ўқувчиларни кимё фанидан халқаро ва жаҳон олимпиадаларига тайёрламоқда.
Таъкидлаш керакки, ўтган йили Дурдонанинг уч нафар ўқувчиси халқаро олимпиадаларда совриндор бўлди. Жумладан, Шаҳзода Ҳакимова 18- халқаро ёшлар табиий фанлар бўйича ўтказилган олимпиадада бронза медалини, Азизбек Назиров 56- халқаро Менделеев олимпиадасида бронза медалини, Икромиддин Боймаҳаммадов 54- Жаҳон олимпиадасида кумуш медални қўлга киритди. Дурдона Мухторхўжаеванинг эришган ютуқлари эътироф этилиб, у Ўзбекистон Республикаси Инновация, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг фахрий ёрлиқ, ташаккурномалари, шунингдек, “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган. Бу йил Дурдонанинг ҳаётида яна бир унутилмас воқеа юз берди. У мамлакатимизнинг энг иқтидорли қизларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибасига айланди.
Президентимизнинг тегишли фармони билан Дурдона Мухторхўжаева мазкур танловнинг фан йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Илм-фан йўлида юксак натижаларни забт этиб келаётган ёш олиманинг орзулари бир олам.
– Бугун юртимизда биз ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган, – дейди Дурдона Мухторхўжаева. – Бунинг учун юртбошимиздан миннатдормиз. Бундан буён ҳам юртбошимиз эътибори, ишончини оқлашга, мамлакатимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Келгусида илмий ишларим, ўқувчиларимнинг халқаро кимё олимпиадаларидаги иштироки билан ўзбек ёшлари илм-фанда дунёнинг бирор бир давлати ёшларидан кам эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Иқтидорли, ташаббускор, мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам олима қиз келгусида албатта, ўз мақсадларига эришади, юртимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Аъло Абдуллаев (фото), ЎзA