Илк зиёратчилар навоийликлар бўлди
ФОТОРEПОРТАЖ
Бугундан бошлаб «Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги Хўжа Дониёр, Имом Мотуридий, Ҳазрати Хизр, Шоҳи Зинда меъморий мажмуалари, Руҳобод мақбараси, Хўжа Абду Дарун, Хўжа Абду Берун, Мурод Авлиё, Хўжа Исъҳоқи Валий масжид-зиёратгоҳи, Хўжа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам, Шайх Худойдоди Вали ва Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳлари фаолияти қайта йўлга қўйилди.
Жумладан, XI асрдан XX аср бошига қадар шаклланган машҳур Шоҳи Зинда меъморий ёдгорлигига эрта тонгдан зиёратчилар ташриф буюра бошлади. Илк зиёратчилар навоийликлар бўлди.


– Ўзим асли Жиззах шаҳриданман, - дейди Улуғбек Тўрақулов. – Айни пайтда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги «Тошработ текстиль» масъулияти чекланган жамияти бош директориман. Шоҳи Зинда мажмуасини тез-тез зиёрат қилиб тураман. Ҳеч бўлмаганда 6 ойда бир ташриф буюраман. Чунки, бувим мазкур зиёратгоҳни зиёрат қилиш асносида отамга фарзанд тилаб, ўғил фарзанд туғилса исмини Улуғбек қўяман деб ният қилган эканлар. Асосан Темурийларга мансуб мақбаралардан иборат мажмуага шу тариқа тақдир мени боғлаган. Шунинг учун эсимни танибманки бу муқаддас замин зиёратини канда қилмайман. Мана карантиндан кейин ҳам илк зиёратчи бўлиб турибман. Жиззахга ходимларим билан бирга иш юзасидан келган эдик. Аллоҳ дилимизга солган экан, бугундан зиёратгоҳ очилди. Белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда зиёрат қилдик. Ўзига хос руҳий қувват билан Навоийга бориб яна ишимизни давом эттирамиз.
Мажмуанинг кириш қисмига карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар ўрнатилган. Ҳар бир зиёратчи белгиланган талабларга асосан тегишли тартибда назорат билан мажмуага киритилмоқда.


- Мажмуадаги асосий зиёратгоҳ жой Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос (р.а.) мақбаралари ҳисобланади, - дейди мажмуа раҳбари ўринбосари Самариддин Мирзаев. – Пайғамбаримизнинг ҳадисларида айнан у киши тўғрисидаги қуйидаги сўзлар Қусам ибн Аббос мақбараси кириш эшиги пештоқига бежиз ёзилмаган: «Қусам ибн Аббос ўз хулқлари ва ташқи кўринишлари билан менга ўхшайдиган шахслардандир». Шу боис, бу ерга келувчилар сони анча юқори. Мана гувоҳи бўлиб турганингиздек илк кунданоқ эрта тонгдан зиёратчилар ташрифи бошланди. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида карантин қоидаларида белгиланган барча чора-тадбирлар амалга оширилди. Зиёратчилар фақатгина мажмуанинг белгиланган зиёрат жойларига киритилади. Мажмуадаги масжид фаолияти ҳали йўлга қўйилмаган. Зиёрат давомида оралиқ масофаларни сақлашга амал қилиниши ходимларимиз томонидан назорат қилинмоқда.
Қадимий Самарқанд – Афросиёб шаҳрининг жанубий ён бағирлари бўйлаб жойлашган машҳур мажмуанинг бугунги кундаги мавжуд қисми Амир Темур ва Темурийлар даврида қурилган. Афсуски, унинг XI-XII асрларга оид асосий қисми қарийб йўқ бўлиб кетган.
