Илк жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди
Бухорода биринчи маротаба мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бухорода Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир хирургияси бўлими мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди Ойбек Тоиров иштирокида биринчи маротаба “Такаясу синдроми” (Артерия қон томирлари деворининг яллиғланиши) ҳисобига ўмров ости артерияси торайишларида навбатдаги реконструктив жарроҳлик операцияси (уйқу артерияси ва қўлтиқ артерияси ўртасида аутовеноз шунтлаш) амалга оширилди. Мазкур жарроҳлик амалиёти Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ўтказилди.
Малакали мутахассис томонидан филиалнинг қон-томир жарроҳлари билан маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Бундан ташқари, филиалда даволанаётган беморлар кўрикдан ўтказилиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди. Ушбу маҳорат дарслари орқали филиал мутахассислари қон-томирларда бажариладиган мураккаб операцияларни жаҳон тиббиёт стандартлари даражасига амалга оширилиши бўйича малака ва билимга эга бўлди.
Мазкур тажрибаларни йўлга қўйиш билан аҳолини, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож аутоиммун касалликка чалинган беморларнинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши йўлга қўйилди. Бу каби тажрибаларни РШТЁИМ Бухоро филиалида амалга ошириш янада такомиллаштирилади.
Зариф Комилов, ЎзА