“Илк қадам” миллий дастури бўйича қисқа муддатли ўқув курси ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия жараёнининг сифати ва самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Педагогларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш ҳамда “Илк қадам” миллий ўқув дастурини амалиётга самарали жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилинди.
Унга кўра, “Илк қадам” миллий ўқув дастурини мактабгача таълим ташкилотларида кенг жорий этиш бўйича ментор-тренерлар ва педагогларни тайёрлашга оид қисқа муддатли ўқув курслари 2026 йил апрель-август ойларида каскад усулида ташкил этилиши белгиланди.
Қисқа муддатли ўқув курслари бир неча босқичларда ўтказилади. Биринчи босқич шу йилнинг 6-10 апрель кунлари хорижий мутахассислар иштирокида ташкил этилиб, унда мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларининг малакали педагогларидан иборат ментор-тренерлар тайёрланади.
[gallery-28584]
Иккинчи босқич 2026 йил 20 апрелдан 31 майга қадар Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамда ҳудудий педагогик маҳорат марказларида ўтказилиб, унда ментор-тренерлар томонидан таянч мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари ўқитилади.
Учинчи босқич 2026 йил 1–30 июнь кунлари таянч мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилиб, унда директор ўринбосарлари томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ходимлари ўқитилади.
Тўртинчи босқич 2026 йил 1 июлдан 15 августга қадар давлат мактабгача таълим ташкилотларида амалга оширилиб, унда директор ўринбосарлари (директорлар) томонидан давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун тренинглар ташкил этилади.
Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида мазкур қисқа муддатли ўқув курсининг биринчи босқичига расмий старт берилди.
Мазкур ўқув курсларидан мақсад мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия сифатини янада ошириш, педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, “Илк қадам” миллий ўқув дастурини самарали жорий этиш ҳамда педагогларни замонавий методика ва инновацион ёндашувлар асосида тайёрлашдан иборат.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, иккинчи босқич доирасида 325 та таянч мактабгача таълим ташкилотларининг директор ўринбосарлари ҳамда ҳудудлардаги илғор педагоглар жами 420 нафар мутахассис қамраб олинади. Учинчи босқичда эса 7 мингга яқин давлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ходимлари ўқитилиши режалаштирилган. Тўртинчи босқичда 7 мингга яқин давлат мактабгача таълим ташкилотларида 122 мингдан зиёд педагог ходимлар учун тренинглар ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил май-июнь ойларида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида хорижий мутахассислар томонидан тайёрланган ментор-тренерлар иштирокида республиканинг 13 та педагогика олий таълим муассасалари талабалари ва мутахассислари учун каскад усулида ўқув семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида 2026 йил июнь-июль ойларида Тошкент педагогика техникумида педагогика техникумларининг мактабгача таълим йўналиши мутахассислари учун ҳам тренинглар ташкил этилади.
Мазкур чора-тадбирлар мактабгача таълим тизимида методик хизматни такомиллаштириш, педагоглар малакасини тизимли ошириш ҳамда “Илк қадам” миллий ўқув дастурини кенг ва самарали жорий этишга хизмат қилади.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари