Илғор ғоя ва ишланмалар – тараққиёт омили
Андижонда IХ Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.
Андижонда IХ Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада илмий-тадқиқот институтлари ҳамда тажриба-конструкторлик муассасаларининг 250 дан ортиқ инновацион технология, ишланма ва ғоялари намойиш этилди.
Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси ва рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришга илғор инновацион лойиҳа ва ишланмаларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ўтказилган ярмаркада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, экинларнинг серҳосил ва эртапишар янги навлари, ўсимлик ва экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш воситалари, чорвачилик ва боғдорчиликда ҳосилдорликни, иш унуми ва самарадорлигини таъминловчи, шунингдек, машинасозлик, энергияни иқтисод қилувчи ғоя, ишланма ва технологиялар салмоқли ўрин эгаллади.
– 2008 йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий ярмарка инновацион ғоялар ва илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда, – дейди Андижон давлат университетининг илмий ишлар бўйича проректори Бахтиёржон Расулов. – Бу барча соҳаларда ишлаб чиқаришга илмий ёндашиш, илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори натижаларга эришиш имконини бермоқда.
Ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан тақдим этилган микроўстиргич биопрепарати қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик соҳаси мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
– Ушбу биологик препарат гармон ва фермент синтезловчи ҳамда азотфиксатор микроорганизмлар мажуаси асосида яратилган бўлиб, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини тезлаштиради, турли касалликларга чалиниш эҳтимолини камайтиради, ҳосилдорликни 15-30 фоизга оширади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти директори Хуршида Ҳамидова. – Препарат Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида синовдан ўтказилган ва яхши самара берган.
Андижон қишлоқ хўжалиги институти олимлари томонидан намойиш этилган қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш аккумуляция қурилмаси кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортди. Қурилма тоғ ва тоғ олди ҳудудларида фойдаланилмай турган сувсиз ерларни ўзлаштириш, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда қатор қулайлик ва афзалликларга эга.
– Қурилма қулайлиги, самарадорлиги ва иқтисодий тежамкорлиги билан аҳамиятлидир, – дейди лойиҳа муаллифи, Андижон қишлоқ хўжалиги институти доценти Зокиржон Турғунов. – Айниқса, адирликларда томчилаб суғориш орқали интенсив боғ барпо этишда юқори самара беради.
Ярмарка доирасида “Андижон вилоятининг инновацион салоҳиятини ошириш ва вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий корхоналарнинг янги инновацион технологиялар ва ишланмаларга бўлган эҳтиёжлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ярмаркада саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни харид қилиш, сотиш юзасидан бир қатор шартномалар имзоланди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.