Илғор фермерларга автомобиль берилди
Андижон вилояти Булоқбоши тумани пахтакорлари ҳам йиллик пахта топшириш режасини бажарди.
Пахта – 2019
Андижон вилояти Булоқбоши тумани пахтакорлари ҳам йиллик пахта топшириш режасини бажарди.
Туман пахтакорлари давлатга 9 минг 300 тоннадан зиёд сифатли пахта ҳосили топшириб, белгиланган йиллик режани 21 иш кунида уддалади.
– Пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, – дейди Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Маъмуров. – Туманимиз маҳалла фуқаролар йиғинларидан уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакилларидан иборат 6 минг 200 теримчи 37 отряд таркибида теримга жалб этилди.
Жорий йилда теримнинг маҳаллий шароитдан, пахтанинг очилиши, фермер хўжаликлари имкониятларидан келиб чиқиб бошланишига алоҳида эътибор қаратилди. Энг асосийси, пахта ҳосили четдан келадиган ёрдамчилар кўмагисиз териб олинди. Терилган ҳар бир кило пахта учун теримчиларга 1000 сўмдан тўланди. Терим пули уч, беш кунлик қилиб бериб борилди. Шунингдек, теримчиларга тушликка иссиқ овқат ва бошқа зарур шароитлар ташкил қилинди.
Бу каби эътибор ва рағбат, терим пулларининг ўз вақтида бериб борилиши, илғорларни моддий ва маънавий тақдирлаш, маданий-маърифий тадбирлар теримчиларни фаолликка, фидойиликка ундади.
Эришилган муваффақиятга тумандаги “Абдуҳошим Нурматов”, “Холмуҳаммад Ғафуров”, “Абдуманноб Исматов пахтазори”, “Сарвинисо маликаси” сингари фермер хўжаликлари муносиб ҳисса қўшди.
Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида туман пахтакорлари эришган зафар муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов барчани муборакбод этди. Илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари Абдуҳошим Нурматов, Исматулло Исматов ҳамда пешқадам теримчи Майрамхон Пирматовага “Жентра“ ва “Спарк“ автомобилларини совға қилди.
Тантанада Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг концерт дастури барчага хуш кайфият ва кўтаринкилик улашди. Рағбат ва эътибордан руҳланган туман пахтакорлари етиштирилган пахта ҳосилини охирги мисқолигача йиғиб-териб олишга аҳд қилишди.
Жалақудуқ ва Олтинкўл тумани пахтакорлари ҳам йиллик пахта топшириш режасини бажарди.