Икром Отамурод ижодига бир назар
Мутолаа
Шоир халқи, бир қараганда ҳамма қатори оддий одамдай, бир қарасанг, илоҳий яратиқдай. Баъзан “кангул” кенгликларида сайр этиб, оддий инсоний бахтга ташна ошиқдек, баъзида эса теран мушоҳадалар илаўзлигини топишга чоғланганфайласуфдекижод дунёсида яшашни шараф деб билади.Бу билан у, бир томондан, инсон қалбидаги туйғулар жилвасига кишилар диққатини тортса, иккинчи томондан, ҳар бир кимсанинг юрагида ҳали тугал шакллана олмаган туйғуларга, хира ва туманли ҳисларига нур бахш этади. Шу боисдан ҳам шоирлар зиммасида катта масъулият ётади. Китобхон унинг ҳар бир шеъридан қалбига яқин, дардига малҳам бўлувчи теран туйғуларни қидиради. Бундай асарлар китобхон сезимларига кучли таъсир этади ва уларнинг севимли дўстига, ҳамроҳига айланиб қолади. Ана шундай асарлар муаллифи, маҳорат ва истеъдод соҳибларидан бириўзбекнинг файласуф шоири Икром Отамуроддир.
Икром Отамурод 1951 йил 5 майда Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги кўҳна сардобалар ўлкаси – Қашқадарё воҳасининг Касби туманидаги Хўжакасби қишлоғида таваллуд топган. Хўжакасби қишлоғи Ислом оламининг маълум ва машҳур маърифат дарғаларидан бўлмиш Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳи жойлашган кенгликлар билан туташ бўлиб, шоирнинг беғубор болалигиайни шу кенгликлар бағрида ўтди. Ўрта мактабни намунали ҳулқ ва аъло баҳолар билан тамомлаган бўлажак шоир 1969 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга киради. 1974 йили университетни имтиёзли диплом билан битириб, шу йилнинг ўзида “Ўзбек совет энциклопедияси” (ҳозирги “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат-илмий нашриёти)да меҳнат фаолиятини бошлайди. 1975 йил апрель ойидан бошлаб “Шарқ юлдузи” журналида мусаҳҳиҳ, адабий ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир муовини сифатида хизмат қилади. Айни пайтда шеърият (назм) бўлимининг мудири лавозимида ишлаб келмоқда.
Бадиий адабиётнинг юксак даражада ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшган ҳар қандай ижодкорнинг таржимаи ҳолига назар ташлайдиган бўлсак, дастлабки ижодий ғунчаларининг куртаклари инсон ҳаётининг илк паллалари – болалик ва ёшликнинг, мактаб даврининг беғубор онларидан бошланганига гувоҳ бўламиз. Бу албатта, табиий ҳол. Шоир Икром Отамуроднинг ҳам ўз “кангул” кечинмаларини, туйғуларини умумлаштириб, образли шаклда қоғозга туширишгача бўлган илк ижодий машқлари айни шу беғуборлик даври ичида кечди. У ҳам бошқа ижодкорлар сингари ўз бошидан мураккаб ижодий изланиш даврини кечирди, ўз устида тинимсиз ишлади. Натижада дастлабки шеърий тўплами – “Вақт ранглари” (1982), сўнгра кетма-кетликда нашр этилган “Жануб қушлари” (1983), “Тўрғайли манзиллар” (1984) каби китоблари ижод аҳли ва мухлислар эътиборини қозонди. Шунингдек, “Уфқлар орти бепоён” (1987), “Руҳимнинг қайғуси” (1995), “Сен” (1999), “Канглум, ўзинг” (2002), “Тавр” (2005), “Муқаддар” (2013) каби шеърий китоблари шоирга катта шуҳрат келтирди.
Икром Отамурод шеъриятимизни ўзининг халқона анъаналарга уйғун ҳолда ёзилган достонлари билан бойитиб келаётган ижодкорлар сирасига киради. Шоирнинг “Ярадор умид отлари”, “Узоқлашаётган оғриқ”, “Сопол синиқлари”, “Ичкари...Ташқари...”, “Иcтарим”,“Ёбондаги ёлғиз дарахт”, “Анинг умиди”, “Харитага тушмаган жой”, “Муқаддар”, “Изтирор”, “Балки”,“Тағаззул”, “Доғ”, “Қуш”, “Тавр”, “Ҳувийят”, “Ишора” сингари бадиий пухта, пишиқ достонлари китобхон ва адабий танқид томонидан қизғин кутиб олинди. Бу асарларда инсон ҳаётининг фалсафий талқини, тасвирдаги равонлик ва мусиқийлик, қаҳрамонлар характеридаги кўз илғамас қатламларни психологик асослаш, образлиликни таъмин этган бадиий воситалар бўртиб туради.
ИкромОтамуроднинг фаластин шоири Муин Бсисуга бағишланган “Ярадор умид отлари” достони (1986) 80-йиллар ўзбек шеъриятида муҳим воқеа бўлди. Асар1986 йили Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма (ҳозирги Ўзбек Миллий академик) театрида саҳналаштирилди. Достонда хорижлик ижодкор образи орқали инсон қалбининг пўртаналари, шунинг- дек, шоирнинг мустақиллик ҳақидаги орзулари, она-юрт образи кучли ҳис-ҳаяжон билан бадиий ифодаланган.
Икром Отамуродга катта шуҳрат келтирган, довруғини кенг китобхонлар оммасига ёйган асар – “Ичкари... ташқари...” номли достондир.Асар инсониятнинг икки ботиний ва зоҳирий ҳаёти ҳамда унинг фалсафий таҳлилига бағишланган. Шоирназдида инсон ҳаётининг мукаммаллигибу икки ҳодисанинг уйғунлигига, бир-бирини тўлдиришига боғлиқ. Назариясиз амалиёт, амалиётсиз назария бўлмаганидек, ичкарисиз ташқари, ташқарисиз ичкари бўлмайди. Чунки мавжуд ташқи ҳаётнинг тўлалиги, ички ҳаётнинг мукаммаллигига боғлиқ. Ўз навбатида, ташқи олам ҳам ички оламга ўз таъсирини ўтказади. Бу ҳолатни шоиршундай таърифлайди:
Ичкари ташқарига чиқмоқ истаюр,
истаюр ташқарида тўлувни.
Ташқари ичкарига кирмоқ истаюр,
истаюр ичкарида бўлувни.
Ичкари ташқарига чиқмоқ истаюр,
истаюр ташқарида жавобни.
Ташқари ичкарига кирмоқ истаюр,
истаюр ичкарида тавобни.
Инсон фикрлаш, мулоҳаза қилиш қобилиятига эга бўлибди-ки, ташқи оламни мукаммал билишга интилади. Аммо унга муяссар бўлиш осонлик билан кечмайди. Чунки инсоннинг ўзи ҳали-ҳануз тўлиқ мукаммалликка, комилликка эришгани йўқ. Зигмунд Фрейднинг фикрига кўра, “...Одамзод ўзининг моҳиятини билмайди, ёки... бор ҳақиқатни тан олгиси келмайди. Бу борада у ё риёкорлик қилади ёки ўзи хусусида ҳақиқатан ҳам чуқурроқ тушунчага эга эмас”. Асар замирида айни шу ҳақиқат ётади. Шундан шоир:
Ташқари – ғусса.
Ичкари – ҳувайдо.
Ташқари – надомат.
Ичкари – гулгул.
Ташқари – шамолга соврилар сайдо.
Ичкари – руҳга тўкилар кангул...
дейди. Бу ҳолатни икки маънода тушуниш лозим. Ҳозирги кунда бу икки олам – ташқари ва ичкари бир-бирига уйғун эмас. Инсон тасаввуридаги оламни ташқарида кўра олмайди. Чунки инсонлар илоҳий ахлоқ билан яшамаяпти. Қуръони Каримда илоҳий ахлоқ билан яшамайдиганлар ҳақида шундай дейилган: “Мол-мулк, фарзандлар, дунё ҳаётнинг зийнатидир. Роббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир”. Демак, барча илоҳий ахлоқ билан яшаса, ички ва ташқи олам уйғун кечади, дунёвий олам мукаммаллашади, шунда инсоннинг амаллари кенг қулоч ёзади. Оқибатда инсон дунёвий саодатга эришади.
Адибнинг “Узоқлашаётган оғриқ” достони1990йилда ёзилди. Асар адабий жараёнда жиддий воқеа сифатида эътироф этилди. Унда шоир фалсафий мушоҳада билан йўғрилган ўз шеърий услубига содиқ қолиб, замондошларимизни тобора тарк этиб бораётган эътиқод, бурч, инсонийлик каби тушунчаларни қалб туғёни, виждон азоби, юрак қони билан бадиий талқин этади. Шу жиҳатдан,мазкур асарзамонавий достончилигимиз тадрижига қўшилган яна бир улуш сифатида баҳоланди.
Маълумки,санъат, шу жумладан, сўз санъати – адабиёт ҳам кишиларнинг онгига ҳис орқали – юрак орқали таъсир қилади... Ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса тўғрисида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди. Ўқувчининг қалбига таъсир қилмаган нарсанинг адабиётга ҳеч тегишлилиги йўқ. Бетакрор бадииятнинг бош манбаларидан бири сифатида кўзга ташланувчитуйғулар теранлиги шоир Икром Отамурод ижодининг ўзига хос хусусиятини белгиловчи омиллардан ҳисобланади.
Унинг “Сопол синиқлари” номли достони фалсафий умумлашмаларга бойлиги, ғоявий-бадиий пишиқлиги билан ажралиб туради.
Асар 1994 йилда ёзилган бўлиб, унда шоир истеъдоди янада очиқ кўринади. Достон сюжети воқеалар эмас, туйғулар асосига қурилган. Шоир бадиий тасвир воситалардан моҳирона фойдаланиш санъати орқали ҳаётдаги воқеликни фалсафий тасвирлашда ўзига хос индивидуал изланишни намоён этади.Зукко китобхон мутолаа жараёнида асарқаҳрамонининг фалсафий мушоҳадасида, хотираларида, дардларида инсониятнинг ўрнини, юртнинг бошига тушган кулфатларини англай боради.Энг муҳими дунё деб аталмиш борлиқ воқеа-ҳодисаларидан изтиробга тушган қалб тебранишларини ҳис қилади. Асарда шоир рамзий тасвирларга кенг ўрин беради ва ўз навбатида бу тасвирларга катта ғоявий-бадиий вазифа юклайди. Воқелик Ҳолат ва Ранг деб номланган қисмлар орқали тасвирланади. Ҳолатлар, ўз навбатида, мумтоз адабиётимиз саҳифаларидан кенг ўрин олган мақолат ва ҳикоят каби намуналарни ёдга солади.
Маълумки, мақолат назарий йўналишда бўлса, ҳикоятда ўша йўналишлар амалиётда ўз ифодасини топади. Мазкур достонда Ҳолатда фалсафий-назарий йўналишда ҳаёт ҳақиқати очиб берилса, Рангда эса кечаги ва бугунги ҳаёт манзаралари ўз ифодасини топади. Ҳолатда шоир ёзади:
...Одам боласи
бир хил ҳаёт тарзидан,
қачондирким бўлмасин, зерикади.
Зерикиш-
Бошқа шаклнинг истаги...
Руҳиятда содир бўлган бу ҳодиса –
Янги ройишни,
...Соғиниб яшайди...
нотаниш манзилларни...
Ҳар қандайин портлаш, Авваламбор,
Одам боласининг руҳиятида кечади...
Юрагида томиротади...сўнг,
кенг майдонга қўнади.
Шоир ўзига хос образли воситалардан, ихчам ўхшатиш ва рамзлардан, мумтоз адабиётимиз ва халқ ривоятларидаги анъаналардан фойдаланиб, Ҳолат ва Ранг тимсолларида замондошларимизга мустақилликнинг қадрига етиш ва уни қадрлаш ғоясини уқтиради.
Икром Отамуроднинг кейинги йилларда яратган достонларида лирик ҳолат устуворлик қилади. Бунинг сабаби аввалги асарларидаги каби ижтимоий мотивлар етакчилиги эмас, балки инсоний муаммо, муносабат, хусусиятларга эътиборни қаратишидир. Янада аниқроқ айтсак, шоирнинг Ғарб фалсафасига эмас, Шарқ фалсафаси асосига суяниши билан боғлаш мумкин.
Шарқ фалсафаси асосида эса дунёдаги барча эзгуликлар заминини маънавият, ахлоқ ва ақлнинг уйғунлигида кўриш ҳамда уни асослаш ётади. Конфуцийнинг фикрича: “Агар ердаги ҳаёт ёмон бўлса, инсон осмонга эмас, балки ўз қалбига, виждонига назар ташлаши керак...Одамлар сени билмасликларидан ғам чекма, ўзингодамларни билмаслигингдан ғам чек...”. Шоирнинг“Ёбондаги ёлғиз дарахт” достони замирида айни шу фалсафийҳақиқатнинг бадиий ифодаси мужассамлашган.Достон воқеаларининг вақт ва макони ҳақида шоир шундай ёзади:
... Ёбон чексиз...
Масофа – УМИД...
Масофа – ХОТИРА ...
УМИД – ХОТИРА туфроғи...
ХОТИРА – УМИД томири ...
УМИД чарчаб йиқилган
Масофада
Кўкара бошлайди
ХОТИРА...
... Ёбон чексиз ...
Достонни ўқиш давомида шоир бу тасвирни бекорга келтирмагани, унда ижодкорнинг мақсади мужассамлиги англанади. Макон тасвири рамзийликка эга, яъни Масофа – УМИД мақсадга етказувчи, саодатга сазовор қилувчидир. Унга софлик, поклик, диёнат, маънавият ва юксак ахлоқбилан эришилади. УМИД – ХОТИРА туфроғи...ХОТИРА – УМИД томири ...кабилар қачондир вақт ҳам тўхташи, ҳукмини ўтказа олмаслигини, макон учун эса иложсиз қолиши ҳамда дарахт қадим хотира, аждодлардан қолган маънавий қадрият, фақат угина оламда, чўлдаги ёлғиз дарахтдек кишиларни асраб қолишини таъкидлайди. ХОТИРАнинг кўкара бошлаши ҳам бекорга тилга олинмаган. Унда тарих тириклигига ва ундан сабоқ олишга рамзий ишора яширин.
Шоир ўз хаёлот оламида ўзини эркин ҳис қилмас экан, унинг шеърлари бир муддатгина яшаб, ахийри, таназзулга юз тутмоғи аён ҳақиқат. Икром Отамурод ўз руҳий кечинмаларини маддоҳлик қилмай, ялтоқланмай, безаб-бежамай, очиқ-ойдин – эркин ифодалайди. Бу ҳол унинг чинакам шоирлигидан нишонадир.
Икром Отамуроднинг, айниқса, поэмалари мутлақо ўзгача, достон-монолог тарзида ёзилганлиги билан фарқланиб туради. Воқеалар баёни учинчи, тўртинчи, балки ундан ҳам кейинги ўринларда туради. Яна бир жиҳат, шоир бармоқ вазнида ҳам, эркин (сарбаст) вазнида ҳам бирдай самарали ижод қилади.Сиқиқ ва қисқаликшоир шеърий услубига хослик бағишлайди. Бу ҳол, айниқса “Таажжуб шакллари”да яна-да бўртибтуради. Уларнинг кўпчилиги, асосан, икки, уч, тўрт ва ундан ортиқ мисрали шакллардир:
Сен ловуллаб турган лахча чўғ,
қўлларимга олов сапчир
силасам агар.
Ёки математик амаллар қатнашган мисраларни ҳам учратиш мумкин:
Келиш –
кетишнинг қайтуви...
Кетиш –
келишнинг қайтуви...
Қайтув=келиш+кетиш...
каби мисралар шеърхонни беихтиёр мулоҳазага ундайди.
Юқорида таъкидланганидек, Шарқ фалсафасининг самарали таъсири натижасида шоир бадиий тасвир воситалардан моҳирона фойдаланиш санъати орқали ҳаётдаги воқеликни фалсафий тасвирлашда ўзига хос индивидуал изланишни намоён этмоқда. Шоир ёзади:
Камбағалнинг
ҳеч бўлмаганда,
биттагина дўсти бор
содиқ –
қамбағаллик.
Бойваччада шу ҳам йўқ.
Афсус!..
Афсус!..
Аслида ушбу мисралар – шоир ўзлигининг ифодаси. Бундай сўзларни шоир шунчаки ёзиши мумкин эмас.Устозадиб Абдулла Қаҳҳор: “Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан жасоратни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли эканига боғлиқдир”, – деб ёзган эди. Табиатан шундай характерга эга бўлган ижодкоргина бу каби сифатларни илғайди, уларга ном топади ва сўз билан ифодалай билади.Шу маънода, Икром Отамурод ижоди беҳад кенг олам. Бу олам мўъжаз сўз талқинидабеҳад кўркам!
Шеър – истеъдод маҳсули, кўнгил мулки. Оламни шоирона идрок этолмайдиган, унинг бошқаларга номаълум жиҳатларини кўра олмайдиган киши шоир бўлолмайди. Икром Отамурод ҳаётда ҳам шоир одам. Ҳатто йўл-йўлакай суҳбатларда ҳам, ё бирон тадбир-анжуманда ҳам шунчаки жўн, енгил сўзламайди. Ҳар бир сўзини мулоҳаза тарозисида тортиб – обдон ўйлаб, шошмасдан, оҳангини топиб, мағзини чақиб, “кангул”дан чиқариб айтади. Бу фазилат унинг ҳатто таржима асарларига-да сингиб кетган. Шу маънода адибнинг таржима санъатидаги хизматлари ҳам ибратлидир.Ўзбек китобхонлари шоир-таржимон Икром Отамуроднинг катта ижодий меҳнати туфайли Маҳмуд Дарвиш, Муин Бсису, Уолд Уитмен, Пабло Неруда, Ўлжас Сулаймон, Евгений Евтушенко каби шоирларнинг шеър ва достонларини ўз она тилида ўқишга муяссар бўлди. Икром Отамурод таржималарида асл нусханинг асосий хусусиятлари, ундаги миллий руҳ тўлиқ сақланганлиги билан диққатга сазовордир. Айни пайтда севимли шоиримиз Икром Отамуроднинг ҳам шеър ва достонлари араб, турк, булғор, рус, украин, молдован, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин тилларига таржима қилинган.
Адиб фаолияти “Шарқ юлдузи” журналибилан чамбарчас боғлиқ. Мана,қарийиб50 йилдирки, шоир ўз ижодинимазкур қутлуғ даргоҳ билан боғлиқ ҳолда олиб боради.Эл ардоғидаги шоир Икром Отамурод давлатимизнинг юксак мукофотлари – “Дўстлик” ордени ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.
Хулоса қилиб айтганда, Икром Отамурод том маънодаги халқчил ва ўзига хос миллий шоирдир. Ҳар бир мисрани мазмундор, равон ва образли қилиб яратиш, ҳар бир сўз ва иборани ўз ўрнида, аниқ бир мақсадни кўзлаб ишлатиш Икром Отамурод услубига хос асосий хусусиятдир. Мазмун аниқлиги, ифода тиниқлиги, фалсафий мушоҳада теранлиги, қалб ҳарорати, гўзал тасвир ва сержило тил бойлиги Икром Отамуродижодининг характерли белгиларини ташкил этади. Муҳими, шоирнинг самарали меҳнати натижасида яратилган асарлари китобхонлар қалбидан жой олган. Ундаўзбек халқининг руҳияти, орзу-ўйлари ишонарли тарзда ифода этилган. Шоир асарларининг бадиий-эстетик ва маърифий-тарбиявий аҳамияти ҳам шундадир.
Салима Жумаева.
Қарши Давлат университети
адабиётшунослик кафедраси доценти,
филология фанлари номзоди.
ЎзА