Икром отамурод: “Ҳижрон имтиҳони”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Дўстлик" ордени соҳиби Икром Отамуроднинг “Ҳижрон имтиҳони” номли шеърий китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг сўнгги йилларда ёзган шеърлари, “Мен – туфроқнинг бир гардиман”, “Тоғлар – буюк сукунат”, “Чизиқлар” каби туркумлари, “Изтироб”, “Руҳдан сизган нур”, “Ўрин”, “Тасаввуф измида” ва “Ишора” каби достонлари, шунингдек, жаҳон шоирлари шеърларидан қилган таржималари жой олган.
Таъкидлаш жоиз, Икром Отамуроднинг бугунги ўзбек шеъриятида алоҳида ўрни бор. У – том маънода кўнгил (кангул) шоири. Шеърларидаги қалбга яқин, дардга малҳам бўлувчи ёруғ туйғулардан дилингиз ёришади. Шоирнинг кангул орқали идрок этаётган хаёлот олами қалбингизга кўчиб ўтгандек бўлади.
Не топсамки,
йўлларда топгайдирман,
не йўқотсам,
йўқотгайман йўлларда.
Йўллар билан доимо биргадирман:
шаҳардами,
қишлоқдами,
чўлларда…
Йўллар тушунгайдир канглумни фақат,
фақат канглум илғар йўллар асрорин.
Канглумда йўлларнинг армони қат-қат,
тўкилгай йўлларга канглумнинг зори.
Ўзи ясаб одам,
ўзи бўлган қул—
уловларга миниб,
мақтаниб,
ҳай-ҳай,
баланду пастларга чўзганича қўл,
тўзитар йўлларни беписанд пай-пай.
Манзил-маконларга йўллар пойидор —
тўрт тарафни хешлагайдир дунёда.
Йўлларнинг тотидан канглумда тот бор,
пиёда келдим,
мен,
кетгум пиёда.
Китобда дунёнинг турли минтақаларида яшаб, ижод қилган, қилаётган таниқли шоирлар шеърларидан қилинган таржималар ҳам жой олган. Шоирнинг шеър танлаш ва таржима маҳоратига тан берасиз. Шу ўринда, Икром Отамуроднинг шеърлари ҳам турк, араб, болгар, рус, молдаван, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин каби тилларига таржима қилинганини таъкидлаш жоиз.
Китобни ўқиш жараёнида муаллифга қўшилиб “Ҳижрон имтиҳони”дан ўтасиз. Шоир руҳий олами сизга бегона эмаслигини, қалбга қанчалар яқинлигини ҳис қиласиз.
Биргина мисол, китобдан жой олган “Изтироб” достонини олайлик. Унинг ичига кириб борганингиз сайин дунё қалбингизга айланиб бораётганини, унинг оғриқлари, дардлари қалбингизда кечаётганини бир яқин елкадош ўлароқ қабул қиласиз:
Нечун,
дунё,
нечунким,
дунё:
армонларинг узундан-узун,
орзуларинг қисқадан-қисқа?
Нечун,
дунё,
нечунким,
дунё:
қайғуларинг узундан-узун,
қувончларинг қисқадан-қисқа?
Нечун,
дунё,
нечунким,
дунё:
ваъдаларинг узундан-узун,
вафоларинг қисқадан-қисқа?..
Энг муҳими, шоирнинг ҳар бир шеърида Ватан суврати, унга бўлган чексиз муҳаббат акс этиб туради:
Ватан — боболардан мерос бир иймон –
руҳим мундарижасида муқаддас ёзув.
Таниш ва нотаниш имлоларсимон
руҳимда ҳисларнинг тўфони тизув.
Ватан — боболарим кечган хотира –
руҳим мундарижасин қадимий муҳри.
Руҳим туфроғига илдиз ботириб,
бўй тортар буюк дарахтдай зуҳри.
Ватан — боболардан қолган эътиқод –
руҳим мундарижасин кўҳна суврати.
Руҳим рангларига ранг бериб бот-бот,
руҳим юрагини безаб туради.
Ватан — руҳим суяги, жоним –
руҳим даричасин чертаётган сир.
Руҳим томирларида оқаётган қоним,
руҳимда нур сочган кавкабир.
Ватан — соф, покиза, беғубор умид –
руҳимда мўғжалаб барг ёзган дунё.
Тахлари бузилмаган ўйларга чўмиб,
гардларин руҳимга қилгум тўтиё.
Мен — руҳ чизгисидан яралган жисм,
руҳим дафтарида чизгилар неча?
Ватан — руҳимда уйғонган исм, руҳим –
Ватанда гуллаган чечак…
Икром Отамуроднинг “Ҳижрон имтиҳони”ни, албатта, ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА