ИИВ: жиноятларнинг оқибати билан эмас, уларни келтириб чиқараётган сабаблар билан курашилади
Ички ишлар вазирлигида жорий йилнинг 8 ойи давомида жиноятчиликка қарши курашиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш ҳамда профилактика чораларининг самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида, вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирокида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг 2026 йил 26 августдаги «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида», 4 сентябрдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида белгиланган вазифаларга эътибор қаратилди.
Замонавий ички ишлар органлари учун юксак касбий билим ва амалий кўникмаларга эга, замонавий технологиялардан самарали фойдалана оладиган, вазиятни таҳлил қилиш ва мустақил қарор қабул қилиш салоҳиятига эга профессионал кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шу боис кадрлар тайёрлаш тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, ходимларнинг хизмат давомида касбий салоҳиятини мунтазам ошириб бориш зарур.

Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлашда янгича ишлаш тизимини амалиётга самарали жорий этиш, фаолиятни натижадорлик ва шахсий масъулият тамойиллари асосида ташкил этиш талаб этилди. Бунда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг оқибати билан курашиш эмас, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни барвақт аниқлаш, профилактик чораларни кучайтириш ҳамда ҳар бир ҳудуддаги вазиятдан келиб чиқиб манзилли ишлашга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда қарорларда белгиланган вазифаларни қоғоздаги ҳисоботлар билан чекламасдан, уларнинг ижросини жойларда таъминлаш, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг вазифаси ҳамда масъулиятини аниқ белгилаш, энг муҳими, амалий натижага эришиш бўйича қатъий талаблар белгилаб берилди.

Қайд этилганидек, янги ёндашувларнинг самараси, аввало, аҳоли билан ишлаш сифати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончида намоён бўлиши керак.
Йиғилиш давомида жорий йилнинг 8 ойида муайян натижаларга эришилганига қарамасдан, айрим ҳудудларда жиноятчиликка таъсир кўрсатаётган омилларни чуқур таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ишларни манзилли ташкил этиш борасида камчиликларга йўл қўйилаётгани қайд этилди.

Айниқса, содир этилган жиноятларни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш масаласи иккинчи даражага тушиб қолаётгани танқид қилинди.
Вазир томонидан ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига криминоген вазиятни фақат умумий статистик кўрсаткичлар асосида баҳоламасдан, ҳар бир маҳалла, кўча ва оила кесимида таҳлил қилиш, жиноят содир этилишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чораларни кўриш вазифаси қўйилди.
Бунда ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, профилактика ишларини қайта кўриб чиқиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар, муаммоли оилалар ва назоратга муҳтож ҳолатлар билан манзилли ишлашни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган ҳар бир масала юзасидан масъул раҳбарларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларидан криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятларнинг олдини олишда профилактик ёндашувни кучайтириш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечимигача бориш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича шахсий масъулиятни кучайтириш талаб қилинди.
Н.Абдураимова,ЎзА