ИИВ: иккита уюшган наркожиноий гуруҳнинг 7 нафар аъзоси қўлга олинди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари давом этмоқда.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйди.
Тезкор ходимлар томонидан аниқланишича, трансмиллий жиноий уюшма аъзолари қўшни республикадан Тошкент шаҳри орқали Россия Федерациясига жуда катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан олиб ўтишни режалаштиргани маълум бўлди.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида тўрт нафар шахс Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги дала майдонига яшириб кетилган 71 килограмм 84 грамм гиёҳвандлик воситаларини олган вақтда қўлга олинди.
Аниқланишича, уюшган наркожиноятчиларнинг Ўзбекистондаги ташкилотчиларидан бўлган ушбу шахслар, айни дамда Россияда яшовчи танишининг кўрсатмасига асосан, юқоридаги манзилдан гиёҳвандлик воситаларини олиб, Россияга юбориши лозим бўлган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 355 минг 420 та дозага тенг бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолининг олди олинди.
Тезкор тадбир Сурхондарё вилояти Денов туманида давом эттирилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 1969 йилда туғилган шахс 150 минг АҚШ доллари эвазига харидорга 8 кг гиёҳвандлик воситаларини сотган вақтда ушланди.
Тезкор суриштирув давомида қўлга олинган шахс ушбу гиёҳвандлик воситаларини 1971 йилда туғилган танишидан олганини маълум қилган ва тезкор тадбирлар жараёнида, ушбу шахс ҳам қўлга олинган.
Шундан сўнг жиноят занжирининг изига тушилиб, ушбу гиёҳвандлик воситаларининг асл манбаси бўлган яна бир 1971 йилда туғилган шахс аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Натижада 40 минг дозага тенг бўлган гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйилди.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида иккита уюшган наркожиноий гуруҳнинг 7 нафар аъзоси қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу жиноий уюшма аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, қамоққа олинган.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида Андижон шаҳрида кучли таъсир қилувчи моддалар савдосига ҳам чек қўйилди
Аниқланишича, бир нафар аёл ва икки нафар эркак кўп миқдордаги “Тропикамид” ва “Прегабалин” номли кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаб, уларни бошқа шахсларга ўтказиш мақсадида олиб кетаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Холислар иштирокида кўздан кечириш жараёнида аёлнинг қўлидаги 2 та сумкада 3 минг 428 дона “Регапен” ҳамда минг дона “Тропикамид” номли кучли таъсир этувчи дори воситаси аниқланди.
Эркакнинг сумкасидан 50 дона “Тропикамид” дори воситаси, чўнтагидан эса пластик идишда номаълум суюқлик, унинг “Оних” русумли автомашинасидан 5 дона оқ-қизил рангли номаълум капсула борлиги маълум бўлди.
Яна бир эркакнинг чўнтагидан шиша идишда номаълум суюқлик, унинг бошқарувидаги “Дамас” автомашинасидан эса 8 дона “Регапен” капсуласи топилди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, аёлнинг уйи кўздан кечирилганда, яна 300 дона “Тропикамид” ҳамда 1 минг 652 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Ўтказилган ушбу тезкор тадбир натижасида 6,5 минг донага яқин кучли таъсир этувчи дори воситалари ноқонуний айланмасининг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА