ИИО ФМБда 2025 йил сарҳисоби
Айни дамда кўплаб соҳаларда 2025 йил бўйича сарҳисоб ва янги йил режаларига оид йиғилишлар ташкил этилмоқда. Муваффақиятлар эътироф этилиб, камчиликлар муҳокамага тортилмоқда. Мақсад мамлакатимизда илгари сурилаётган сиёсатнинг моҳиятини амалда тезроқ татбиқ этиш.

Шу мақсадда Яккасарой туманида жойлашган Тўқимачилик ва енгил саноат институтида йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда 2025 йил давомида туман ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида фаоллик кўрсатиб, намунавий хизмат қилган ИИО ФМБ ходимларининг оила аъзоларига ташаккурномалар топширилди.
Яккасарой туман ИИО ФМБ бошлиғи Алишер Муродов бошчилигида ўтказилган ушбу йиғилишда хизмат фаолияти давомида камчиликка йўл қўйган раҳбар ва ходимлар иштирокида танқидий-таҳлилий муҳокамалар олиб борилиб, мавжуд муаммолар юзасидан тегишли хулоса ва вазифалар белгиланди.

Тадбир якунида ҳуқуқ-тартибот соҳасида масъулиятни янада ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.
Шербек Исломов,
ЎзА