“Ideathon” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Қарши шаҳрида Қашқадарёда ўтган йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган IT лойиҳалар бўйича ҳоким кубоги – “Ideathon” кўрик-танловининг жорий йилдаги 1 ва 2-мавсум ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўнгги йилларда Президентимиз томонидан IT соҳасига қаратилаётган эътибор ва бу ислоҳотларнинг Қашқадарёдаги амалий натижалари ҳақида тўхталиб, барча танлов иштирокчилари ва ғолибларни самимий табриклади.
Шундан сўнг, сектор раҳбарлари ва вилоятимиздаги олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида танловнинг ғолиб-совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, вилоятда соҳани ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоятдаги 16 та туман (шаҳар)да Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, шу кунгача 15 минг нафардан ортиқ тингловчи қамраб олинди.
[gallery-15148]
Барча олий таълим муассасаларида талабаларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича замонавий Инкубация марказлари барпо қилинди.
Албатта, соҳанинг ривожланиши, биринчи навбатда, ёшларнинг тил билиш даражасига боғлиқ. Шу мақсадда йил бошида “Хорижий тил билан ITга йўл” лойиҳаси жорий қилинди. Маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ ажратилган ҳолда, 500 нафар ёшнинг 6 ойлик хорижий тил ўқиш харажатлари қоплаб берилди.
Китоб туман марказида фойдаланилмай турган собиқ Меҳрибонлик уйи негизида “Иқтидор” IT академияси ташкил этилди.
Шаҳар телеком тармоғига қарашли бинонинг 4-қаватида масофавий хизматлар экспорт марказини фойдаланишга топшириш ишлари якунига етказилмоқда.
Жорий йил давомида IT чилар томонидан 72 та истиқболли стартап лойиҳа ишлаб чиқилиб, улардан 29 тасига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 2 миллиард сўм ажратилди. Шу билан биргаликда, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти томонидан 2 та стартап лойиҳа учун 1 миллион 902 минг АҚШ доллари миқдорида халқаро инвестиция маблағи жалб қилинган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари