ID- карта олиш барчага мажбурийми?
Мамлакатимизда ахборот тизимини жадал ривожлантириш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, турли ахборот тизимларида ва масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш мақсадида биометрик паспортлар ID- карталарга алмаштирилмоқда.
Мазкур йўналишда Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МваФР) бошқармаси бошлиғи, подполковник Ботир Саттаров билан суҳбатлашдик.
– Ботир Ҳамидович, Президентимизнинг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида 2021 йилдан то шу бугунги кунга қадар вилоятда қандай ишлар амалга оширилди? ID-карталар қандай афзалликларга эга. Уларнинг биометрик паспортдан фарқи нимада?
–Вилоятда фуқароларга идентификация ID-карта расмийлаштириб берувчи 18 та МваФР бўлинмаси фаолият юритмоқда, –деди Б.Сатторов.– Ушбу бўлинмалар томонидан 2021 йилдан шу бугунга кунга қадар вилоятда доимий яшовчи 571 нафар фуқаролиги йўқ шахслар ва 881 нафар чет эл фуқароларига ҳамда 130 минг 947 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларига идентификация ID-карталари расмийлаштириб берилди. ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради. Фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради.
ID-карталар амалдаги буклет кўринишидаги биометрик паспортга нисбатан ўлчами кичик ва ихчамлиги, электрон қурилмага (чит) эгалиги ва фуқароларнинг маълумотларини аниқ фотосурат, яшаш манзили, электрон имзо киритилиши билан қулай ҳисобланади. Шунингдек, амалдаги биометрик паспортдан фарқли равишда 2021 йил 1 январдан жорий этилган ID-карталарнинг юза қисмида фуқаронинг миллати кўрсатилмайди. Бу халқаро талабга кўра, миллатчиликка қарши қўлланган ёндашув ҳисобланади. Ушбу маълумот ID-карта чипида сақланади. Мазкур ID-карта халқаро талабларга мослаб ишлаб чиқилган.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ чипга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати ID-картанинг амал қилиш муддати давомида ҳақиқий ҳисобланади.
– Жиззах вилояти ҳудуди анчагина масофага чўзилиб кетганлигини яхши биламиз. Шуни ҳисобга олиб ID-карталар олмоқчи бўлган фуқароларга жойларда қандай қулайликлар яратилган?
– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрдаги номи юқорида зикр этилган ПФ–6065-сонли фармонида идентификация – ID-карталарини олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига ёки давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Шунга кўра, вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида жойлашган 13 та МваФР бўлинмаларидан ташқари, Ғаллаорол туманининг Маржонбулоқ, Зомин туманининг Даштобод шаҳарчалари ва “Пешағор” ҚФЙ ҳамда Жиззах шаҳрининг “Ёшлик” МФЙ ҳудудида МваФР бўлинмалари фаолият юритмоқда. Бу орқали туман марказидан олисда яшовчи фуқароларга идентификация ID-карта расмийлаштириб бериш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва ижобий ҳал этишда ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинмоқда.
– Кўп йиллардан буён Жиззах вилоятида истиқомат қилиб келаётган, аммо шу пайтгача Ўзбекистон фуқаролигини олмаган шахслар борасида, уларни фуқароликка қабул қилиш юзасидан қандай ишлар олиб бориляпти?
– Юртбошимизнинг 2019 йил Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлигини, айниқса, мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келганлигини, хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши кераклигини таъкидлаб, шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммолари ҳал этилишини баён қилиб, Вазирлар Маҳкамаси бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини тақдим этиши белгиланган эди.
Шунга кўра, 2020 йил 13 мартда мамлакатнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида янги таҳрирда” ги ЎРҚ- 610-сонли Қонуни қабул қилинди ва ушбу қонунга асосан вилоятда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган фуқаролиги йўқ шахслар 2020 йилда 614 нафар, 2021 йилда 691 нафар, 2022 йилда 265 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 45 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш асосида юқорида таъкидланган қонуннинг 6-моддасига асосан қисқа фурсатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олинди ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID-карталари билан ҳужжатлаштирилди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан эндиликда бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилиб келинмоқда, яъни 15 йил давомида мамлакатимизда узлуксиз доимий яшаб келаётган фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиниши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.
– Биометрик паспортининг яроқлилик муддати ўтиб кетган ва ID-карталарга алмаштирмаган Ўзбекистон фуқароларига қандай чоралар кўрилиши мумкин?
– Фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, уни яроқсиз ҳолга келтириш, йўқотиб қўйиш, шунингдек, бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-, яъни Паспорт тизими қоидаларини бузиш моддасига кўра маъмурий жазо чоралари қўлланилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилиши, худди шунингдек, фуқаролар томонидан ўз турар жойларидагиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйилиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин ушбу ҳолат яна такрор содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробар миқдоридаги жазо чоралари қўлланилишга сабаб бўлади.
18 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда мамлакатимизда доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 16 ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаган бўлса, бунинг учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
– Хорижга чиқиш, айтайлик Россияга ишлагани ёки Суадия Арабистонига Ҳаж амали ёки Умра сафарига бориши учун фуқародан хорижга чиқишига рухсат этилувчи, яъни виза рухсатини бериш ҳужжатини олиши учун нималар талаб этилади? Хорижга чиқиш паспортини вилоятнинг қайси шаҳар ва туманларидан олиш имконияти яратилган?
– Хорижга чиқиш биометрик паспорти – хорижга чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат бўлиб туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга, бир ёшдан 25 ёшгача — 5 йил муддатга, 25 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга расмийлаштирилиб берилади.
Эски хорижга чиқиш рухсатнома (стике) 2 йил муддатга берилишини инобатга олсак, ҳозирги хорижга чиқиш биометрик паспорти кўп маротаба чет давлатларга чиқувчилар учун анча қулай ҳисобланади. Шу билан бирга ушбу паспорт жаҳон стандартларига мос равишда ишланган бўлиб, 48 саҳифадан иборат. Бу чегарадан ўтганлиги ҳақидаги кўп маротаба муҳр босишга қўл келади.
Ҳозирда Жиззах вилояти ҳудудида 13 та шаҳар ва туман ИИБларида ҳамда 2 та Жиззах шаҳар ва Зомин туман Давлат хизматлари марказида хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун маълумотлар йиғиш пунктлари мавжуд. Шу билан кекса, ўзгалар парваришига муҳтож ёки ногиронлиги бўлган шахслар учун мобил қурилма мавжуд, барчаси ишчи ҳолатда.
– Хорижга чиқиш паспортини яроқсиз ҳолатга келтириб қўйган, йўқотган, бошқа бир кимсага бериб юборган ёки бошқа шахснинг ҳужжатини олиб қўйган шахсларни қандай чоралар кутиши мумкин?
– Хорижга чиқиш биометрик паспортига атайлаб шикаст етказиш,
– хорижга чиқиш биометрик паспортини эҳтиётсизлик оқибатида йўқолишига сабаб бўлиш;
– йўқолганлиги ҳақида ариза берилган хорижга чиқиш биометрик паспортидан, шунингдек, бошқа шахсга қарашли бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш;
– ушбу ҳужжатни қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уни гаров сифатида қабул қилиш;
– мазкур паспортга ғаразли ёки бошқа тубан ниятлар билан эга бўлиб олиш, шунингдек, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолга келтириш, яширишга қонун ҳужжатлари билан жавобгарлик белгиланган.Яъни, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-моддаси 1-қисмига асосан жаримага тортилади.
Маълумот учун: хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш жорий этилган, яъни 2019 йилнинг 1 январидан буён ўтган давр мобайнида Жиззах вилоят ИИБ МваФРБ ва унинг ҳудудий бўлинмалар томонидан 162 минг 279 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштирилган. Шундан 10 минг нафардан ортиқроғини вояга етмаганлар ташкил этади.
ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди