Ички йўллар масаласи депутатлар назоратида
Халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда туман йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбари И.Исроиловнинг автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ҳолати юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, туманда ҳозирги пайтда 1393,4 километрдан иборат ички хўжалик автомобиль йўллари мавжуд. Президент қарори асосида бу йўлларга тегишли хизматлар кўрсатиляпти. Бундан ташқари туман маҳалла фуқаролар йиғинларига қарашли ички хўжалик автомобиль йўлларини таъмирлаш, жумладан, асфальтлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган 2023 йилда ҳудуддаги 50 га яқин маҳаллаларнинг ички хўжалик автомобиль йўллари сифатли асфальт қилинди. Биргина ўтган 2023 йилги “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида “Вазиршоҳ”, Ф.Хўжаев, А.Қаҳҳор, “Ғалаба” ва бошқа бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 12854 километр узунликдаги йўллар асфальт қилинди.

Туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан кўприкларни таъмирлаш, йўл белгиларини янгисига алмаштириш ва ўрнатиш, пиёдалар ўтиш йўлакларини тиклаш ва бошқа бир қатор ишларга яхши натижаларга эришилмоқда.
“Ғиждувон шаҳрига кириш” автомобиль йўли, шунингдек, “Ғиждувон – Вобкент – Жилвон”, “Ғиждувон –Қорахони – Қайрағоч – Қаршиён”, “Тошработ – Ғишти –Ғиждувон – Ромитан”, “Зарафшон” тракти сингари автомобиль йўлларининг маълум қисмларида амалга оширилган асфальтлаштириш ишлари натижасида ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлиги таъминланадиган бўлди.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Ушбу масала туман Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритиладиган бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.