Ички йўллар ҳолати: сифат энг муҳим омил
Андижон вилоятида кейинги тўрт йилда 3 минг 116 километр ички хўжалик йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тасарруфидаги Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи давлат унитар корхонаси томонидан “Давлат дастурининг ҳудудлардаги ижроси ва ички йўлларда олиб борилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақида маълумот берилди.
Кишилар ҳаёти, жамият ва иқтисодиёт ривожида шубҳасиз, ички йўлларнинг ҳолати, сифати муҳим аҳамият касб этади. Чунки йўлларнинг қай даражада эканлиги кайфиятимизга, ишларимиз унумига таъсир кўрсатувчи омиллардан ҳисобланади. Қолаверса, ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари ҳисобланади. Шу боис ҳам кейинги йилларда вилоятда ички йўлларни таъмирлаш, ҳолатини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар иштирок этган тадбирда вилоятда ички йўлларни таъмирлаш, ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
– Бугунги кунда Андижон вилоятида 10 минг километрдан зиёд ички йўллар мавжуд, – дейди Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи давлат унитар корхонаси раҳбари Шерзодбек Турдиқулов. – Ички йўлларни таъмирлаш борасидаги ишлар хажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу борадаги ишларни амалга оширишда сифат масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Анжуманда 2021 йилда вилоят бўйича 784 та кўчада режадаги 827 километр ўрнига амалда 976,9 килиметр узунликдаги ички йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишларни амалга ошириш учун 232,2 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан оғир ҳудуд ҳисобланган маҳаллалардаги 600 километр тупроқли ички йўлларга шағал ётқизилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, анжуманда “Ички йўлларнинг ҳолатидан аҳолининг кўнгли тўляптими?”, деган савол доирасида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мутахассислар томонидан жорий йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида ҳамда оғир ҳудуд сифатида қайд этилган маҳаллаларда 1 минг 200 километрга яқин ички йўллар таъмирланиши айтиб ўтилди. Таъмирлаш ишларини амалга оширишда сифатга, белгиланган меъёрларга қатъий амал қилиниши алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА