Ички ишлар ходимлари китобхонлик борасида беллашди
Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилди.
Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ташкил этилган танловда ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ёш ходимлар ўзаро беллашди.
Танлов ҳайъати аъзолари «Сиёсий, маънавий ва маърифий китоблар билимдони», «Бадиий китоблар билимдони», «Мен севган адиб», «Шеърият» каби тўрт йўналиш бўйича иштирокчиларнинг билимини баҳолаб борди.

– Давлатимиз раҳбари китобхонликни тарғиб қилишга куюнчаклик билан ёндашаётгани бежиз эмас, – дейди танлов ҳайъати раиси, Тошкент шаҳар ИИБ маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Муроджон Каримов. – Китоб нафақат билим манбаи, тафаккур қайроғи, ақл чироғи, руҳият дармони ҳамдир. Бугунги тадбир ҳам ички ишлар тизимида фаолият юритаётган ёш кадрларга соҳада зарур бўлган руҳий мадад ва маънавий озуқа беради.
Танлов якунига кўра, 1-ўрин Учтепа тумани ИИБ масъул ходимаси, катта сержант Гулора Худнаевага, 2-ўрин Янгиҳаёт тумани ИИБ вакили, катта лейтенант Ситора Саидовага, 3-ўрин Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси инспектори, лейтенант Сайёра Рузиевага насиб қилди.
Танлов ғолибларига пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
О. Бекмуродова, ЎзА