Ички ишлар вазирлигида “Очиқ эшиклар куни”
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларга ҳарбий-академик лицейга номзодларни ўқишга қабул қилиш тартиблари, ўқувчиларга яратилган шароитлар ҳамда ўтган ўқув йилининг якунлари бўйича батафсил маълумот берилди.

Мазкур лицейга ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қабул қилинади.

Ҳозир лицейда 1-курсда 101, 2-курсда 103 нафар, жами 204 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 33 нафар малакали педагог ходим таълим-тарбия бериб келмоқда. Aсосий бино ётоқхона, ўқув хоналари, ошхона, спорт, мажлислар зали ва маъмурий хоналардан иборат. Лицейда 12 та ўқув синфи бўлиб, ўқувчилар фойдаланиши учун 1 та ахборот-ресурс маркази, 1 та электрон кутубхона, 1 та компьютер синфи, жиҳозланган 1 та физика, 1 та биология ва 1 та кимё хоналари мавжуд. Бу ерда ички ишлар органларининг соҳавий хизмат йўналишлари бўйича 1 та махсус жиҳозланган хона ташкил этилган.

Шунингдек, заковат, мусиқа, рассомлар, дастурчи IT, ёш ижодкор, стол тенниси, бокс, миллий кураш, волейбол, футбол тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Ўқув юрти биноси 2020 йилда тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, ҳозирги кунда замонавий ўқув-техника воситалари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган йилги битирувчилардан 12 нафари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига, 9 нафари Жамоат хавфсизлиги университетига, 6 нафари Божхона институтига, 5 нафари Ички ишлар академиясига, 4 нафари Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига, 4 нафари Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига, 3 нафари Олий ҳарбий авиация билим юртига, 1 нафари ДХХ академиясига, 49 нафари фуқаролик олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўқув юртидаги синф хоналари, тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишди. Ўқувчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси, Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, Эксперт-криминалистика маркази ҳамда Тергов хизматининг автотранспорт ва махсус техника воситалари билан таништирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари майор М.Қарлибаев йиғилганларга ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар, сўнгги йилларда ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг оила аъзоларига яратилаётган шароитлар ва имкониятларга тўхталди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга вазирликнинг соҳавий хизматлари масъул ходимларидан жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири