Ички ишлар вазири раҳбарлигида ўтказилган сайёр қабулда 536 мурожаат қайд этилди
Мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг дард-у ташвишларини эшитиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Унда соҳанинг масъул раҳбар ва мутасаддилари иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва уларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул жараёнида аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудий омиллар инобатга олинди. Хусусан, Тошкент шаҳри ва вилояти фуқаролари билан юзма-юз учрашувлар ташкил этилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун видеоконференция алоқаси орқали масофавий қабуллар ўтказилди. Бу эса фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликсиз мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди.

Қабул давомида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ турли масалалар кўтарилди. Жумладан, фуқаролар ўртасидаги молиявий муносабатлар, суриштирув ва тергов жараёнларида юзага келган муаммолар, ижтимоий ҳимоя, ишга қайта тикланиш, шунингдек, бошқа ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаат ва таклифлар билдирилди.

Тадбир якунига кўра, жами 536 мурожаат қайд этилди. Уларнинг 301 таси, яъни 56 фоизи белгиланган тартибда жойида ижобий ҳал этилди. Қолган 235 мурожаат эса қўшимча ўрганиш талаб этилгани сабабли назоратга олиниб, масъул соҳавий хизматларга тегишли топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда бошқа ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ташкил этилган қабулларда эса 395 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 43 фоизи ёки 170 таси жойида ҳал қилинган бўлса, 225 таси қўшимча текширув ва ҳуқуқий ўрганиш асосида кўриб чиқиш учун йўналтирилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида аҳолининг реал эҳтиёж ва талабларидан келиб чиққан ҳолда узоқ вақт давомида ечимини топмаган муаммоларни бартараф этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини тиклашга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Бундай сайёр қабуллар давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этишда муҳим эканлиги инобатга олиниб барча ҳудудларда тизимли равишда давом эттирилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА