Ички ишлар вазири ўринбосари аҳоли билан очиқ мулоқот қилди
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш ва мурожаатлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этилиб, аҳоли билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган.
Жумладан, вазир ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов навбатдаги шахсий қабулини ўтказилиб, аҳолининг мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг мурожаатларини эшитди.
Қабул давомида 221 нафар фуқаронинг 196 мурожаати ўрганилди. Мурожаатларнинг 163 таси тергов ва суриштирув фаолияти, 19 таси терговга қадар текширув, 5 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ва 9 таси ички ишлар органларига оид бошқа масалаларни ташкил этди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун шахсий қабул онлайн шаклда ташкил этилиб, унда Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатлари эшитилди.
Шахсий қабул давомида вазир ўринбосари ҳамда масъул раҳбар ва ходимлар томонидан фуқаролар билан уларни қийнаётган муаммолар юзасидан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди.
Хусусан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда бошқа йўналишлардаги мурожаатлар қабул қилиниб, уларни қонуний ва тезкор ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Мурожаатларнинг 41 таси ёки 21 фоизи шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. 34 таси ёки 17 фоизи бўйича фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилди. Қолган 121 мурожаат ёки 62 фоизи қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли ижрога йўналтирилиб, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Аҳоли билан бундай очиқ мулоқот ва шахсий қабуллар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА