Ички ишлар органларининг фаолият йўналишлари муҳокама қилинди
Шу кунларда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш, байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиш борасида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Барча ташкилот ва идораларда энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда.
Байрам тадбирларини ўтказишда жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидан катта масъулиятни талаб этади. Шу мақсадда ички ишлар вазири ўринбосарлари полковник Диёрбек Сатторов ҳамда полковник Рустам Мирзаев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда юртимиз мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, маъмурий бинолар, хизмат объектлари ҳамда ходимлар хонадонларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, байрамни юқори тайёргарлик асосида ўтказиш, тадбирлар ташкил этиладиган объектларда осойишталикни, жамоат хавфсизлигини сақлаш ишларига барча бўлинмалар, соҳа вакиллари катта масъулият билан ёндашиши, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ташкил этиши лозим.

Шунингдек, йиғилишда маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш, комплаенс тизими, хизмат интизоми ҳамда қонунчиликни мустаҳкамлаш, шу билан бирга, «Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги» доирасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 1–31 июль кунлари республика бўйлаб ички ишлар органлари тизимида ўтказилган “Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги” доирасида ҳудудларда кенг қамровли ўрганиш ва профилактик тадбирлар ташкил этилди.
Соҳа вакиллари ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш маданиятини янада мустаҳкамлаш, хизмат масъулияти ва талабчанликни ошириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек, хизмат фаолиятида ҳалоллик, шаффофлик ва адолат тамойилларини кенг қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ходимларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, уларнинг оилавий муҳити ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, давлат томонидан яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди.

Йиғилишда шунингдек, ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш, улар ўртасида профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар танқидий таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Муҳокамалар давомида вазир ўринбосарлари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириб, ҳудудий ички ишлар органлари масъул раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади.
Йиғилиш якунида соҳадаги иш самарадорлигини янада ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш ҳамда хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланиб, масъул раҳбарларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
М.Комилова, ЎзА