Ички ишлар органларида қанча аёл раҳбарликка тайинланди? (+видео)
Гендер тенглик сиёсатига нафақат ижтимоий адолат тамойили, балки иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Таҳлиллар аёлларни таълим, бандлик ва бошқарув соҳаларига кенг жалб этган давлатларда иқтисодий ўсиш суръатлари юқори эканини кўрсатмоқда.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу йўналишдаги устувор вазифалар янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда Гендер тенгликка эришиш стратегиясида мустаҳкамланган.
Жаҳон банки индексида мамлакатимиз гендер тенглик соҳасида энг тез ривожланаётган беш давлат қаторида қайд этилган. Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса Ўзбекистон 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.
Ўзбекистонда кейинги пайтда ҳуқуқ-тартибот идораларда хотин-қизлар улуши ортиб бормоқда. Бу, мутахассислар фикрича, ҳуқуқий соҳада адолат ўрнатилишида, аёллар ва болалар манфаатлари ҳимояси мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутмоқда. Чунки хотин-қизлар бундай масалаларга, аввало, аёл, она ёки опа-сингил каби қарайди, ҳақиқий жабрдийданинг дардини ҳис қила олади.
Ички ишлар органларида ҳам бу яққол кўзга ташланмоқда. Хотин-қизларни ишга қабул қилиш, уларни масъулиятли лавозимларга тайинлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар хизмат бошлиғи Соҳибжамол Жолдасова билан суҳбатлашдик.
– Гендер тенгликни таъминлаш ва жамиятда хотин-қизлар салоҳиятини муносиб эътироф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, – деди С.Жолдасова. – Шу туфайли юртимизда аёлларнинг турли, гоҳида мураккаб соҳаларда ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун чинакамига кенг имкониятлар очилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Узоқ вақт мобайнида муайян касблар фақатгина “эркакларники” деб ҳисоблаб келинган. Бироқ, замонавий воқелик бунинг аксини исботламоқда: хотин-қизлар шараф, матонат ва юксак маҳорат билан эркаклар қаторида хизмат қилмоқда. Улар зиммаларига масъулиятли вазифаларни олиб, ўз бурчига чуқур садоқатини ва Ватанга меҳрини намоён этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги раҳбар аёллар бу ўзгаришларнинг ёрқин далилидир. 50 нафардан ортиқ ҳамкасбим раҳбарлик лавозимларига тайинланди. Бизнинг ички ишлар органларидаги фаолиятимиз шунчаки мансаб поғоналаридан кўтарилиш эмас, балки тарихий адолатнинг тикланишидир. Зеро, аёл азалдан нафақат оила қўрғони ва маънавий қадриятлар посбони, балки жамиятни ўзгартиришга қодир бунёдкор куч бўлиб келган. Биз сафимизда ўз ғайрати, шижоати ва бенуқсон хизмати билан тизимни янги чўққилар сари бошлаётган хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг айтишича, ички ишлар органларида фаолият юритаётган аёллар нафақат намунали оила бекаси, меҳрибон она ва хонадонлар таянчи, балки қалбида Тўмарисга хос жасорат, Ватанга садоқат ва юксак масъулият туйғуси жўш ураётган мард ва матонатли сафдошлардир.
Улар юртимизда жамоат тартибини таъминлаш, фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаётини муҳофаза қилиш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш йўлида фидокорона хизмат қилиб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз осойишталигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2l1F_8quieA" title="Ichki ishlar organlarida qancha ayol rahbarlikka tayinlandi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА