Ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳисобга олиш такомиллашмоқда (+видео)
Навоий вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳисобга олиш ва сотиш соҳасида инспекторлар томонидан фойдаланилаётган мобил иловани такомиллаштириш ва аҳоли истеъмолчилари учун тажриба тариқасида ўрнатилган сув ҳисоблагичларида қарздорлик вужудга келганида тармоқдан автомат ўчириш тизими билан танишиш юзасидан “Навоий вилоят тажрибаси”ни ўрганиш мақсадида ўқув семинари ташкил этилди.
Унда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимидаги барча акциядорлик жамиятларининг масъул ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 2-иловасининг 108- ва 123- бандларига мувофиқ ҳамда истеъмолчи ва сув таъминоти корхонаси ўртасида тузилган шартнома шартларига кўра ҳар ойнинг 10 санасига қадар кейинги ой учун 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашлари кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, жорий ойнинг 20-25 санасида сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини сув таъминоти корхонасига тақдим этишлари белгиланган.
[gallery-29799]
– Бугунги кунда барча соҳаларда рақамлаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи ўринбосари Шаҳбоз Сарманов. – Ҳозирда Навоий вилоятида ичимлик сувига ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилган. Бугунги семинарда бунинг қанчалик таъсирлилигини ўрганиб, ўзаро фикр алмашамиз. Истеъмолчиларга қанақа қулайликлар яратилади шуларни ўрганиб, қолган вилоятларда ҳам татбиқ қилиш бўйича келишиб оламиз. Яна бир мақсад, сув таъминоти корхонаси назоратчиларининг иш самарадорлигини ошириш бўйича ЖПС қурилмаларини ўрнатиб, мобил илова орқали ишларни енгиллаштириш. Барча соҳада, ҳисоб-китобларда, тўловларда, бошқа масалаларда инсон омилини камайтириб, автоматлаштирилган рақамлаштиришга ўтиш асосий мақсад. Натижада истеъмолчилар учун ҳисоб-китоблар аниқ бўлади. Ҳозирги мавжуд тизимда механик сув ҳисоблагичларнинг кўрсаткичини истеъмолчи ҳар ой киритиб бориши керак. Бу истеъмолчилар учун ҳам, сув таъминоти корхонаси назоратчилари учун ҳам мажбурият. Бу ўз ўрнида баъзи бир ноқулайликларни келтириб чиқаради: истеъмолчи уйда бўлмайди ёки ҳар хил ҳолатлар бўлади. Шуларнинг олдини олиш мақсадида янги тизимда ҳар ой ишлатилган сув кўрсаткичи биллинг тизимига автомат келиб тушади. Буни мобил иловалар, шахсий кабинет ёки Телеграм бот орқали кириб, назорат қилиб бориш имконияти мавжуд бўлади. Иккинчидан, назоратчиларни ҳам қўшимча назорат қилишимиз керак бўлади, яъни ҳудудда қанча вақт давомида ишланяпти, қайси истеъмолчига бориляпти? ЖПС тизими ўрнатилгани бизга анча қулайлик келтириб чиқаради. Буни яна ҳам давом эттириб, рақамлаштириш бўйича қўшимча янгиликлар қилиб борамиз.
Албатта, истеъмолчилар кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги ёки тўлов маданиятининг сустлиги корхонанинг молиявий аҳволига сезиларли таъсир қилади. Келгусида истеъмолчиларнинг қарздорлигини янада қисқартириш мақсадида соҳани рақамлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бунда дебитор қарздорликни қисқартириш, корхона томонидан хизматларнинг сифатли ва мунтазам равишда кўрсатилишини таъминлаш кўзда тутилган.
“Навоийсувтаъминот” АЖ томонидан тажриба тариқасида Навоий шаҳридаги Фаровон маҳалласи Маҳмуд Таробий кўчаси 136-кўп қаватли уйнинг барча хонадонларига замонавий масофадан маълумот узатувчи ҳамда қарздорлик вужудга келганида тармоқдан автоматик ўчирувчи сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Ушбу сув ҳисоблагич ускуналари истеъмолчи томонидан фойдаланилган хизмат ҳажми тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда биллинг дастурига онлайн тарзида узатади. Бу ўз навбатида инсон омилининг камайишига, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ортиқча оворагарчиликларсиз ва навбатларсиз хизматлардан фойдаланишини, шу билан бирга тўловларнинг аванс тариқасида амалга оширилишини таъминлайди.
– Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида телеграм бот, шахсий кабинет ва ундан ташқари барча электрон тўлов иловалари орқали хоҳлаган жойдан туриб тўловларни амалга ошириш имконияти яратилган, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ мутахассиси Олимжон Собиров. – Бундан ташқари, истеъмолчилар хонадонидаги ҳисоблагичларни онлайн тарзда киритиш имконияти мавжуд. Шунингдек, уларга қулайлик яратиш мақсадида “1255” қисқа рақамли телефонимиз ишлаб турибди. Бу орқали улар ўзларига керакли бўлган маълумотларни олиш, тақдим қилиш ва маълумотларга эга бўлиши мумкин. Шахсий кабинетда истеъмолчилар дебитор қарздорликлари бўйича тўлиқ маълумотларни олиш, ҳисоблагич кўрсатгичларини киритиш ва келгусида юзага келадиган қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконияти яратилган.
Ўқув семинарида инспекторларнинг кунлик иш жараёнини назорат қилиш ҳамда иш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий қилинган назорат дастурининг имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/N8hDSaKhZ3g?si=NwGWalshBUpQVKW2" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари