Ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда
Жиззах вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, шу йилнинг ўтган даврида бу мақсадлар учун 10 миллиард 453 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Жиззах вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, шу йилнинг ўтган даврида бу мақсадлар учун 10 миллиард 453 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида халқимизнинг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси йилдан-йилга яхшиланиб бораётир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 25 февралдаги “Республика аҳоли пунктларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда.
Бахмал тумани Новқа қишлоғи аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди. Ойқор тоғлари бағридаги Новқа ота булоғидан 3,5 километрдан зиёд масофага қувур ётқизилиб, тоза ичимлик суви келтирилди.
– Эски тармоқдаги сув қишлоқ аҳолиси эҳтиёжини қоплашга етмас эди, – дейди “Новқа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамид Каримов. – 100 миллиметр йўғонликдаги пластмасса қувурларда келтирилган тоза сув қишлоқнинг энг чекка хонадонлари, умумтаълим мактаблари ва қишлоқ врачлик пунктига ҳам етказилди. Давлатимиз томонидан аҳоли фаровонлиги, одамларнинг саломатлигини кўзлаб амалга оширилаётган бундай ишлардан беҳад мамнунмиз.
Туманда жорий йилнинг ўтган даврида Жарбулоқ, Дўстлик, Ўрай қишлоқлари ҳам ичимлик суви билан таъминланди. Ичимлик суви иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 800 миллион сўмлик иш бажарилди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам изчил давом этмоқда. Йил охирига қадар яна 49 қишлоқда 137 километрдан ортиқ сув тармоқлари тортилади. Вилоятнинг чўл туманларини сув билан таъминлайдиган “Қўйтош”, “Сангзор” сув узатиш тармоқлари ва ҳавзаларини таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қурилиш- таъмирлаш ишларига давлат бюджетидан ташқари инвесторлар, ҳомийлар маблағлари ҳам жалб этилаётир. Жумладан, 2010 йилдан буён ичимлик суви иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга оширишда Осиё Тараққиёт банки заём маблағларидан кенг фойдаланилмоқда.
Ушбу ҳамкорлик асосида жорий йилда “Қўйтош” сув иншоотининг Арнасой ва Зафаробод туманларидаги ичимлик суви иншоотлари ва узатиш қувурларини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилаётир. Унга кўра, “Қўйтош” сув иншоотининг Арнасой ва Зафаробод туманларидаги 15 сув тақсимлаш иншооти ва қувурлари, 92,5 километрдан ортиқ сув тармоқлари реконструкция қилинади, 10 тик қудуқ қайта таъмирланиб, айримлари янгитдан қурилади.
2014 йилда вилоятда 9,9 миллион АҚШ долларилик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда “Қўйтош” бош сув иншооти, Зафаробод тумани ҳудудидаги бир неча аҳоли пунктидаги сув йиғиш ва тарқатиш иншоотлари реконструкция қилинаётир. Лойиҳанинг амалга оширилиши 100 мингдан зиёд аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш ҳолатини яхшилайди.