Ичимлик суви муаммоларига қандай ечим топилмоқда
Жиззах вилоятида 2021-2023 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоқларини қуриш, таъмирлаш бўйича республика бюджет тизимининг маблағлари ҳисобидан 199 та лойиҳа амалга оширилади.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек сув истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий, инновацион тизимларини жорий этиш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кўрилган комплекс чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз ичимлик сув таъминотида мутлақо янги тизим яратилди
Бу ишнинг бошини бирлаштирадиган “Ўзсувтаъминот” акционерлик жамияти ташкил этилди. Ичимлик суви таъминоти лойиҳалари халқ депутатлари кенгашлари ва маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокамадан ўтгандан сўнг қурилиш ишлари бошланиши белгиланди. Энди тугалланган лойиҳалар ҳам депутатлар иштирокида қабул қилиб олинади.
Яна бир муҳим ўзгариш – марказий сув узатиш тармоғи етиб бормаган қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлаш ишларини нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмалари асосида бажаришга руҳсат этилди. Бунда танлов ОАВ эълон қилиниб, буюртма мақсади, шартлари ва вазифалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Албатта, ичимлик суви соҳасида амалга оширилаётган ишлар бугун бошланган эмас. Ўтган йилларда Жиззах вилоятида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш борасида 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилди. Бугунги кунда уларнинг 3 таси ниҳоясига етказилди.
Лойиҳаларга Осиё Тараққиёт банкининг 42 миллион доллар кредитлари йўналтирилди. Натижада Жиззах шахрида 168 минг, Зафаробод, Арнасой туманларида 122 минг ахолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Шунингдек ОТБнинг қиймати 79 миллион долларлик кредити асосида Жиззах шаҳрининг оқова тизимларини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу лойиҳа якунига етгач, Жиззах шахри оқова тизими таъминоти даражаси 31 фоиздан 70 фоизга етказилиши кўзда тутилган.
Айни пайтда Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2018-2020 йилларга мўлжалланган “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳаси бўйича асосий ишлар бажариб бўлинди. Келгуси йил мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг шаҳар ва туманларнинг 710 минг аҳолиси ёки 96 фоизи марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Бироқ, марказий тармоқнинг ишга туширилиши ҳамманинг кўчасига, уйига сув кириб боради, дегани эмас. Ҳали сув тармоғи тортилмаган ҳудудлардан ташқари, бундан эллик йил аввал ётқазилган темир қувурлар аллақачон яроқсиз ҳолга келган қишлоқлар кўп.
Жорий йил октябрь ойида халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида 2021-2023 йилларда республика маблағлари хисобидан амалга ошириладиган 825,4 миллиард сўмлик 199 та ичимлик суви ва канализация лойихаларнинг манзилли рўйхати муҳокама этилиб тасдиқланди. Бу лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, Президент ташрифи, ВМнинг тегишли туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги қарорлари, сектор рахбарларининг сайёр қабулларида фуқаролар томонидан тушган мурожаатлар инобатга олинган ҳолда тузилган.
Бу катта кўламдаги ишни амалга ошириш учун “Жиззах сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг имкониятлари қандай?
Бугунги кунда ушбу корхонада маблағ етишмаганлиги сабабли ўз вақтида авариялар, турли хил носозликлар, аҳоли ва ташкилотларнинг мурожаатлари бартараф этилмаяпди. Сув таъминоти ва канализация хизматлари калькулациясига халқаро банк кредити қарзларини қайтариш суммаси киритилмаганлиги сабабли ташкилотда жиддий молиявий қийинчиликлар келиб чиқмоқда.
Корхонанинг яна бир оғриқли нуқтаси шундаки, бу ерда ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари жуда паст. Бу ўз навбатида иш самарадорлиги пасайишига ва кадрлар қўнимсизлигига, манзилли лойиҳаларнинг белгиланган муддатда амалга ошмай қолишига олиб келмоқда.
– Президентимиз ташббуси билан соҳамизда амалга оширилаётг
ан туб ислоҳотлар туфайли энди бу камчиликлар бартараф этилмоқда, – дейди “Жиззах сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокир Мамарасулов. – Аҳолининг энг муҳим эҳтиёжи бўлган сув учун фақат сувтаъминот ташкилоти эмас, кўпчилик масъул эканлиги кун тартибга қўйилмоқда. Шу ой бошида халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида ичимлик суви таъминотидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, муаммоларни бартараф этиш йўллари белгиланди. Бу жуда муҳим ўзгариш.
Сув таъминотини яхшилаш лойиҳалари ҳукумат томонидан қўллаб-қуватланаётир. Соҳага халқаро молия ташкилотлари кредитларининг жалб этилаётгани, сув таъминоти тизимига, манзилли лойиҳаларни амалга оширишга давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат ташкилотлар жалб этилаётгани яна бир катта имконият. Сув таъминоти ва хизматлар нархини, тармоқдаги лойиҳаларни, бажарилган ишларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокама қилиб тасдиқлаши белгилангани эса соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Демак, ичимлик суви таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш учун куч ҳам, имконият ҳам етарли. Ўз навбатида маҳаллий бошқарув органларининг, депутатларнинг эл орасидаги обрў-эътиборлари ҳам шу имкониятлардан фойдаланиб ҳудуддаги муаммоларни қанчалик муваффақиятли бартараф этишига боғлиқ.
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА