Ичимлик сув таъминоти яхшиланди
Совуқ об-ҳаво ҳукм сураётган шу кунларда сув қувурларининг музлаб қолиши натижасида ичимлик сув таъминотида ҳам қатор муаммолар юзага келмоқда.
Андижон шаҳрининг Исломобод маҳалласи ҳудудидан ўтган диаметри 600 миллиметрли сув қувурида носозлик юзага келган. Натижада нафақат, ушбу маҳаллада, балки шаҳарнинг Дўстлик, Тараққиёт, Мустақиллик, Ўзбегим, Соғлом авлод ҳамда Навбаҳор маҳаллаларининг бир қисмида ичимлик сув таъминотида узилиш юзага келди.

“Андижон сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Шуҳратбек Матмусаев бошчилигида юзага келган носозликни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Маълумки, бугунги аномал совуқ шароитида “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ва унинг туман, шаҳар бўлимларида аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ҳамда юзага келган носозликларни бартараф этиш бўйича ташкил этилган махсус штаб, тезкор таъмирлаш бригадалари куну тун фаолият олиб бормоқда.
Исломобод маҳалласида юзага келган носозликни бартараф этиш учун зудлик билан тезкор таъмирлаш бригадаси, мутахассислар ва зарур техника воситалари жалб этилди. Сув таъминотида узилиш юзага келган ҳудудларга, айниқса, кўп қаватли уйларга махсус сув ташувчи транспорт воситалари орқали ичимлик сув етказиб берилди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида носозлик бартараф этилиб, юқорида қайд этилган маҳаллаларда ичимлик сув таъминоти тикланди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА