Ичимлик сув: муаммолар, вазифалар, режалар
Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тошкент вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар йил сайин кенгаймоқда.
Ҳудуд бўйича 2025 йил 1 март ҳолатига кўра жами 1 минг 25 та маҳалланинг 758 таси тўлиқ ва 214 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 53 та маҳалла эса марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ тасарруфида жами 862 та сув иншоотлари мавжуд бўлиб, жамиятнинг шаҳар ва туман филиаллари тасарруфида бўлган сув иншоотларидаги насос агрегатлари орқали кунлик ўртача 400-500 минг куб метр ичимлик суви ишлаб чиқарилмоқда.
Таъкидлаш лозим, ўтган даврда Осиё тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳалар бўйича амалга оширилган бунёдкорлик объектлари натижасида кўплаб оилалар хонадонига тоза сув етказилди. Хусусан, 1-босқич 4-пакет “MESMER-EAST масъулияти чекланган жамият томонидан 3 та – УРВ-2, УРВ-3 ва УРВ-4 сув кўтариш иншоотлари ишга туширилди. Бу лойиҳалардан олдин Тошкент тумани аҳолисининг 78,9 фоизи жадвал асосида ичимлик суви билан таъминланган бўлса, тизимли ишлардан сўнг 90,8 фоиз аҳоли доимий равишда ичимлик сувига эга бўлди. Муҳими, шундан 2 минг 443 та хонадон илк бор ичимлик сув тармоғига уланди.
[gallery-23226]
Барча сув кўтариш иншоотларида Германиянинг ақлли ҳисоблагичлари, замонавий электр тежамкор насос агрегатлари ўрнатилган. Бу эса тоза ичимлик сувини белгиланган тартибда аҳоли хонадонларига етказиб беришга хизмат қилади.
Пресс-тур давомида ОАВ вакилларига дастлаб “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Келес” сув кўтариш иншооти фаолияти кўрсатилди. Мазкур сув иншооти 1978 йилда ишга туширилган ва 2 та 3 минг куб метрли сув сақлаш ҳовузи барпо қилинган. Ишга туширилган вақтдан ҳозирги кунга қадар ҳудуддаги 6 та МФЙнинг 43 та кўчасидаги аҳоли хонадонига ичимлик суви етказиб берилган. Бу объект замонавий тарзда қайта ишга туширилиши туфайли эндиликда хонадонлар узлуксиз ичимлик суви билан таъминланди.
– Авваллари кўплаб аҳоли хонадонларида сув қудуқлари бўларди, айримларига сув қувурлари туртилмаганди, – дейди Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгаши депутати Мирусмон Исломов. – Кўпчилик узоқ масофадан сув ташиб ичган. Давлатимиз томонидан аҳолига қулайлик яратилаётгани туфайли кўп манзилларда ичимлик сувига эҳтиёж яхшиланди. Туман кенгаши депутатлари билан жойларда ўтказган сув таъминоти бўйича ўрганишларда жуда кўплаб муаммолар борлиги маълум бўлди. Уларни тизимли равишда ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Ишонаманки, яқин йилларда туманимиз аҳолиси тўлиқ сув таъминоти билан таъминланади.
Шунингдек, пресс-тур давомида журналистлар Хиёбон маҳалласидаги “Ойдин” кўчасидаги аҳолига тоза ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари билан танишди. Шу билан бирга, Дийдор маҳалласидаги фойдаланишга топширилиши арафасида турган 5-сув кўтариш иншооти қурилиши жараёнлари кўздан кечирди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.